Ва алайкум ассалом.Исломни ўрганишда биринчи бўлиб иймон ва унга тааллуқли бўлган бошланғич маълумотларни ўрганиш керак. Кейин Ислом арконлари, кундалик ибодатлар, ҳалолҳаром масалаларини таълим олинади. Айни вақтда, намоз учун етарли даражада Қуръон ўқишни ва бошқа зикрдуоларни ўрганиш лозим. Қуръон араб тилида нозил қилингани учун уни араб ҳарфлари ёрдамида ўрганиш талаб қилинади. Шу билан бирга, Қуръоннинг маъноси бузулишининг олдини оладиган, унинг мазмуни дуруст бўладиган даражада ўқилишига хизмат қиладиган тажвид қоидаларини ҳам ўзлаштириб бориш лозим. Аммо қироатни мукаммал қилишга хизмат қиладиган тажвид қоидаларини астасекин ўрганиб бориш мумкин. Бошқа илмларда ҳам кундалик ҳаётда керак бўладиган диний билимлардан хабардор бўлиш фарзи айн ҳисобланади. Ислом дини инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган. Шу боис, ҳар бир мўминмусулмон шахс ҳар бир ҳолатда ўша вазиятда Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси қандоқ эканини аниқ билган бўлиши ва шунга кўра иш кўриши лозиму лобуддир.Илмни тартиб билан ‒ пастдан тепага қараб, соддасидан мураккабига қараб ўрганиб борилади. Илм олишда устоз танлашга хушёр бўлиш ҳам талаб қилинади. Илмни қанча кўп ўргансак, шунча оз. Бугунги кунда бошимизга тушаётган кўплаб кўнгилсизликлар, ташвишу ҳижолатчиликлар айнан илммаърифатдан узоқлик сабабали бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Илм бепоён ҳазина, чексиз уммон, ким ундан қанча кўп баҳра олса, шунча фазилатга эга бўлади. Илм кишининг икки дунёдаги ҳаётини фаровон қилади. Илмсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Валлоҳу аълам.