Ассалому алайкум! Бир жойда ўқиб қолдим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллолоҳу алайҳи васаллам айтган эканлар. Кимки камбағалликдан қўрқиб уйланмаса у бизлардан эмасдур дейилган экан. Шу ҳадис саҳиҳми?
– Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “Ким менинг суннатимдан юз ўгирса мендан эмас” деган ҳадислари бор. Аллоҳ таоло "Нур" сурасида марҳамат қилади:
وَأَنكِحُوا الْأَيَامَى مِنكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِن يَكُونُوا فُقَرَاء يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
32. Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятнинг тафсирида “Аллоҳ субҳаануҳу ва таало никоҳга буюрди ва тарғиб қилди. Мўмин ва мўминаларни, ҳуру қулларнинг ҳаммасини никоҳланишга буюриб, уларга никоҳланишса бой қилишини ваъда қилди ва “Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур” деди” деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд “Бойликни никоҳда қидиринглар, Аллоҳ таоло “Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур” деган” дедилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу “Аллоҳ никоҳга буюрди, бу борада Аллоҳга итоат қилинглар. Шунда Аллоҳ сизларга ваъда қилган бойлигини албатта ато қилади. Аллоҳ таоло “Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур” деган” дедилар. Оиша розияллоҳу анҳодан Абу Довуд ва бошқалар мурсал ҳолатда ривоят қилган ҳадисда : “Аёлларга уйланинглар, чунки улар мол келишига сабаб бўлади” деганлар. Умар розияллоҳу анҳу “Бойликни никоҳда талаб қилмайдиган кишидан ажабланаман, ваҳоланки Аллоҳ таоло “Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур” деган бўлса” деганлар. Барча уламолар бу уйланишдан мурод Аллоҳнинг тоатига ёрдам бўлишни, кўзи тийилишини, фаржини сақлашини мақсад қилиб уйланганлардир. Шунда Аллоҳ ваъда қилган бойлигини беради деганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Уч кишига ёрдам беришни Аллоҳ зиммасига вожиб қилиб олган” деб, “Улардан бири иффатини сақлаш учун никоҳлангандир” деганлар. Афсус ҳозирги йигитлар эса "аввал бой бўламан, ундай қиламан, бундай қиламан кейин уйланман" деб уйланишни кечга суришмоқда ва кўплаб шариат ҳаром қилган ишларга қўл уриб қўйишмоқда. Валлоҳу аълам!