Ассалому алайкум! Мени отам бизни боқиш максадида сафарда эдилар. Бир куни бизга вафот этганлари тўғрисида хабар келди. Отамни укалари бориб олиб келишди. Хабар қилишча отам вафот этишлардан олдин укаларини чақириб “келиб ишлаб тур мен уйга бориб келай уйдагилани соғиндим куриб келай” деган эканлар. Лекин бунга укалари рози бўлмади. Аллоҳни тақдирига иймон келтирганман бунга қарши чиқиб булмайди, яхши тушунаман. Лекин мани қийнаётган нарса агар шу икки укалари рози бўлишганда вазият бошқача бўлармиди деб ўйлаб қоламан. Вақт ўтган сари уларни жуда ёмон кўриб қоляпман. Отамни укалари хам отамни гапини гап деб ҳисоблашмас эди. Илтимос шу уй хаёларни ўйламаслигим учун ёрдам берсангизлар. Яна бир саволим, отамни укалари оиламизга ёрдам беришади, синглимни тўйини хам қилиб беришди. Базида шу ёрдамларини миннат қилишитгандек туюлади. Жавоб учун олдиндан раҳмат
Ва алайкум ассалом! Сиз тақдирга иймон келтирганман деб айтаяпсиз, лекин ҳақиқий иймон келтирган инсон ҳеч бир нарса Аллоҳнинг изни ва ҳикматисиз бўлмаслигига ҳам иймон келтириши керак. Сиз қаердан биласиз мусофирчиликда, қийинчиликда ва дуолар мустажоб ҳолатда вафот топгани Аллоҳнинг наздида яхшидир. Чунки кирган зирапчанинг ҳам Аллоҳнинг наздида эвази, савоби бор. Шайтонга сал баҳона бўлса бўлди. У инсоннинг қалбига ўшани уруғ қилиб солиб қўяди. Иймони заиф инсон ўша уруққа озуқа бериб, ҳар хил хаёллар билан уни ундириб-ўстиради. Охир оқибат Аллоҳнинг наздида энг қабиҳ бўлган силаи раҳмни узишга олиб боради. Умрбод қалбда мусулмонга гина-адоват билан яшаб ўтади. Сиз “Ҳашр” сурасидаги
رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِّلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
«Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», дуосини кўп ўқинг. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни худди сизнинг ҳолатингизга тушириб, умматлари нима қилиши кераклигига танбеҳ берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳони Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага олиб келиш учун одам жўнатдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо онамиз Маккадан чиққанларида бир неча қурайшликлар уларга рўбарў бўлишди. Улар орасида Ҳаббор ибн Асвад ҳам бор эди. У туя устидаги Зайнаб онамизни орқага тортиб белига найзанинг ёнбоши билан урди(Ровийлар айтадиларки Зайнаб онамиз ўша таёқ зарби сабаб бўлиб ёш вафот топганлар). Зайнаб ҳомиладор эдилар боласи тушиб қолди. Сўнг Бану Абдуманофнинг уйларига қайтарилди. Зубайр ибн Аввом айтади: Ҳаббор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб узр сўради ва “сизни ҳақоратлаган ҳақоратланди, сизга озор берган озорланди. Сизни ҳақорат қилиш ва озор беришга жуда қаттиқ киришган эдим, ҳеч нимасиз қолдим. Аллоҳ мени кўзимни очди ва Исломга ҳидоят қилди” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарасам у зот Ҳабборнинг узр сўраганидан бошларини эгдилар ва қайта-қайта “Сени кечирдим Ислом ўзидан олдинги ҳамма нарса бекор қилади” дея бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланишни хоҳласангиз сиз ҳам у зотдек кечиринг, шайтонни ноумид қилинг. Сиз ҳамма нарсани Аллоҳдан умид қилинг, уларни сизга ёрдам қилишлари вожиб эмас. Ёрдам қилса худди бегона одам ёрдам қилганидек қабул қилинг. Кимнидир гапи олинадиган бўлиши кимникидир эътиборсиз қолиниши Аллоҳнинг ишидир. Валлоҳу аълам!