Ассалому алайкум! Манда саволмас, илтимосим бор эди. Хозирги пайтда хаммамиз карантиндамиз, қачонгача давом этилишини хам билмиймиз, умидимиз фақат Аллоҳдан. Бизларни афв қилиб шу балони йўқ қилсин юртимиздан. Сизга илтимосим, эркакларимизга мурожат қилинглар, карантин дегани бу обедгача ухлаш эмас, кун бўйи интернетда Ютуб ва ўйинлар ўйнашмас, кечаси соат 3-4 гача Тахажжуд номозини ўқимасдан ўртоқлар билан телефонда ўйин ўйнашмас. Балки Аллоҳ бизага бу вақтни оила даврасида кўпроқ бўлишимиз учун, кўпроқ ибодат қилиб гунохларимизга афв сўраш учун берганку!
– Ва алайкум ассалом! Бунга бепарво бўлмаслик керак. Бепарво бўлганларни олиб кетиб қолади. Охиратда эса қуйидаги оятда зикр қилинганлар сафида бўлиб қолади. Аллоҳ таоло “Муддассир” сурасида марҳамат қилади:
كُلُّ نَفْسٍ بِمَا كَسَبَتْ رَهِينَةٌ
38. Ҳар бир жон ўз касбининг гаровидир.
Яъни ҳар ким ўз хоҳишига қараб амал қилади, ҳар ким қилганига яраша жазо ёки мукофот олади. Ҳар бир жон охиратда ўз қилган ишининг тутқунига – раҳийнасига айланиб қолади. Аллоҳ таолонинг ҳузурида гаровга олиниб, тутқун бўлиб туради. Бу дунёда қилган амали уни тутқунликдан қутқариб олиши зарур бўлади. Ўша ерда азоб ва уқубатлардан қутулиш учун ёрдам берадиган нарса бу дунёдаги амалдир.
إِلَّا أَصْحَابَ الْيَمِينِ
39. Илло ўнг тараф соҳиблари...
Ўнг тараф соҳибларининг иймонлари, тоат-ибодатлари уларни аллақачон гаровдан озод қилиб олган бўлади. Ўнг тараф соҳиблари қаердалар ва нима қиладилар?
فِي جَنَّاتٍ يَتَسَاءلُونَ عَنِ الْمُجْرِمِينَ مَا سَلَكَكُمْ فِي سَقَرَ
40. жаннатларда бир-бирларидан сўрайдирлар…
41. жиноятчилардан:
42. «Сизларни оловга нима киритди?» (деб).
Гуноҳкорлар арз-дод қилишга муштоқ бўлиб турганлари учун батафсил жавоб бера бошлайдилар:
قَالُوا لَمْ نَكُ مِنَ الْمُصَلِّينَ
43. Улар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик.
وَلَمْ نَكُ نُطْعِمُ الْمِسْكِينَ
44. Ва мискинларга таом бермаган эдик.
وَكُنَّا نَخُوضُ مَعَ الْخَائِضِينَ
45. Ва ботилга шўнғувчилар билан бирга шўнғир эдик.
وَكُنَّا نُكَذِّبُ بِيَوْمِ الدِّينِ حَتَّى أَتَانَا الْيَقِينُ
46. Ва қиёмат кунини ёлғонга чиқарар эдик…
47. токи бизга ўлим келгунича», – дерлар. Валлоҳу аълам!