Ассалому алайкум! Аллоҳга ҳамдлар булсин мени ҳидоятга йўллаб қўйганига ҳам 3 йил бўлиб қолди, Марузалар эшитаман диний китоблар ўқийман, шунинг учун ҳозирги кундаги бидиатлар ҳақида малумотга эга бўлдим. Уйимдагилар эса бидиат, ирим сирим тарафдорлари, қачонки мен уларга бу нотўғри деб айтсам мени эшитишни ҳам ҳоҳлашмайди. Ҳаттоки сан бошқа динга ўтиб кетгансан деган сўзларни ҳам айтишди. Улар(Онам ва отамнинг онаси яни бувим)ни бу ишларидан қайтаролмаяпман, айтингчи улар қилаётган бидиат ҳирофотлар, иримларига кўз юмсам бўладими? Чунки улар мени гапиришимни заррача ҳам ҳоҳлашмаяпти ва уларга ақл ўргатиб гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқаман, уларга амру маруф наҳий мункар қилмасам гуноҳкор бўлмайманми?
– Ва алайкум ассалом! Шошилманг, ҳаётингизда ҳеч бўлмаса ўз оилангизни ўнглашни ҳаракатини қилинг. Бунинг учун асло шошилманг. Сиз ва сиз каби ёшларга насиҳатимиз: ҳеч бир инсон хусусан узоқ йиллик ботқоқда юрганлар сизни бир икки бор қилган насиҳатингиз билан ўзгариб қолмайди. Буни тушунинг, сиз ўзингиз ҳидоят топгунингизча қанча вақт ўтди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган динни инсонлар қабул қилиши учун 40 йилгача бирорта ҳам ёлғон гапирмасдан сиддиқ мақомини олдилар. Аҳдини бузмасдан содиқ деган лақабни олдилар. Қўлларидаги борини йўқ демасдан энг сахий деган лақабни олдилар. Омонатга ўта қаттиқ эътибор берганларидан амин деган лақабни олдилар. Набираликни аъло даражада жойига қўйган эдилар Абдулмуттолиб кўрмаса туролмайдиган даражага етдилар. Тижоратда содиқ бўлгандилар Хадийжа онамиз ўзларини бағишладилар, никоҳига олишларини таклиф қилдилар. Қўшничиликни аъло дажада йўлга қўйгандилар қўшниси энг ашаддий душмани бўлса ҳам кўрганда ҳайбатланиб иззатини жойига қўядиган бўлди. Силаи раҳмни аъло даражада бажарганларидан қариндош уруғлари Аллоҳ қалбини очмаганидан бошқа иймон келтирмасликларига ҳеч қандай сабаб тополмадилар ва ҳоказо. Бизни яқинларимиз ҳам биз туфайли ҳидоят топишини хоҳласак аввало ўша камолот сифатларини ўзимизда мужассам қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Усиз иш битмайди. Сиз асло уйдагиларга қўпол муомалада бўлманг, баҳс мунозара ҳам қилманг. Аксинча жоиз бўлган илтимосларини дилидан муҳаббат қилиб юборадиган даражада адо қилишга ҳаракат қилинг. Ўзи фосиқ фожир бўлган тақдирда ҳам сизни самимийлигингизни ҳис қила олсин. Сиз оилам деб эъзозлашингизни ҳис қилсин. Бир кун келиб сиз кутган ҳолат ҳам албатта бўлади. Улар ҳаққига ҳидоят сўраб тўхтамасдан дуолар қилинг ҳамда “Аллоҳим Сен қайси ҳолатимизга рози бўлсанг мени ўшанга муваффақ қилгин, ҳидоятга солгин” деб дуо қилишига кўниринг. Аллоҳ таоло "Фурқон" сурасида марҳамат қилади:
وَجَعَلْنَا بَعْضَكُمْ لِبَعْضٍ فِتْنَةً أَتَصْبِرُونَ وَكَانَ رَبُّكَ بَصِيرًا
20...Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қилармикансизлар?! Роббинг кўриб турувчи(Зот)дир.
Сабрнинг мукофоти қуйидаги “Оли Имрон” сурасидаги оятда баён қилинган.
وَاللّهُ يُحِبُّ الصَّابِرِينَ
146...Аллоҳ сабрлиларни севадир. Валлоҳу аълам!