Ассалому алайкум! Оиламизда пул масаласида муаммолар бўлиб туради, яъни етишмовчилик. Ризқимиз кенгроқ ва барака бўлиши учун қайси оятларни ва дуоларни ўқиб юришимиз керак?
– Ва алайкум ассалом! Кунида имкон қилсангиз беш ёки ўн минг бор истиғфор айтинг. Оила аъзоларингизни ҳаммаси айтишса янада яхши. Бир ҳафта ёки ўн кун айтдикку бўлмаяпти деб туриб олманг. Астағфируллооҳа роббии мин кулли занбин ва атуубу илайҳ деб дуо қилиш керак. Бу оят эмас, лекин қуйидаги оят асосида айтилган. Аллоҳ таоло "Нуҳ" сурасида марҳамат қилади:
فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا
10. «Роббингиздан мағфират сўранг, албатта, У кўплаб мағфират қилувчидир», – дедим».
«Истиғфор»нинг луғавий маъноси «мағфиратни (гуноҳнинг кечирилишини) сўраш»дир. Амалда банда тилида «астағфируллоҳ» ва шу маънодаги калималарни айтиб, дил билан тасдиқлашидир. Умумий маънода эса истиғфор диндорликни ифода этади. Агар бу оятга амал қилсангиз...
يُرْسِلِ السَّمَاء عَلَيْكُم مِّدْرَارًا وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ وَيَجْعَل لَّكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَل لَّكُمْ أَنْهَارًا
11. «Шунда устингизга ёмғирни мўл кўл қилиб юборадир.
12. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар қилиб берур ҳамда анҳорлар қилиб берадир.
Буюк ватандошимиз имом Абул Баракот Насафий ўзларининг «Мадорик» номли машҳур тафсирларида ушбу ояти карима тафсирига қуйидаги қиссани келтирадилар:
Ҳазрати имом Ҳасан Басрий ўз даврларида бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида, бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Ҳазрати имом Ҳасан Басрий: «Истиғфор айтинглар», – дея маслаҳат берибдилар. Иккинчиси келиб, камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилибдилар ва барчаларига «Истиғфор айтинглар», деган маслаҳатни айтибдилар. Шунда суҳбатдошлардан Робийъ ибн Субайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб: «Эй Имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси недур?» – дебди. Ҳазрати Имом бу саволнинг жавобига юқорида келтирилган оятларни ўқиб берибдилар.
Мазкур оятда истиғфор билан ризқ бир-бирига боғлиқлигига ишора қилинмоқда. Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган. Жумладан, «Аъроф» сурасининг 96-оятида: «Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни касб қилган нарсалари туфайли тутдик», – дейилади. Шунга ўхшаш оятлар «Моида», «Ҳуд» ва бошқа сураларда ҳам бор.
Демакки, қайси халқ Аллоҳ таолодан қўрқса, яхши амалларни қилса, адолат ва омонликни жорий қилса, Аллоҳ таоло у халқни ер юзида пешқадам қилиб қўяди. У халқ фаровонлик, тараққиёт ва бахтли ҳаётга эришади.
Гоҳида Аллоҳдан қўрқмайдиган, иймонсиз халқлар ҳам фаровонликка етишиши мумкин, лекин бу синов учун бўлади. Кейинроқ ҳақиқий ҳолат зоҳир бўлиб, кўзга кўриниб турган фаравонлик ортидаги муаммолар ошкор бўла бошлайди. Бу Аллоҳ таолонинг Ўзидан қайтган, бандаларига юборган азобининг бошланиши бўлади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!