Ассалому алайкум! Бир машхур даъватчи Моида сураси 72-оятини айтаётганида Исо алайхиссаломни гапи деб оятни охиригача айтди. Ўқиб кўрсам инглизча таржимада хақиқатда охиригача тарзда берилган. Ўзбекча таржималарда “Аллоҳга бандалик қилингиз” жойигача деб берилган. Қайси бири тўғри?
– Ва алайкум ассалом! Сиз "Тафсири Ҳилол" китобидан ўқинг. Унда тўлиқ берилган.
لَقَدْ كَفَرَ الَّذِينَ قَالُواْ إِنَّ اللّهَ هُوَ الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ وَقَالَ الْمَسِيحُ يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اعْبُدُواْ اللّهَ رَبِّي وَرَبَّكُمْ إِنَّهُ مَن يُشْرِكْ بِاللّهِ فَقَدْ حَرَّمَ اللّهُ عَلَيهِ الْجَنَّةَ وَمَأْوَاهُ النَّارُ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنصَارٍ
72. «Албатта, Аллоҳ Масиҳ ибн Марямдир», деганлар батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Масиҳ эса: «Эй Бану Исроил, менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз – Аллоҳга ибодат қилинг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва унинг жойи оловдир. Ва золимларга ҳеч қандай нусрат берувчилар йўқдир», – деди.
Ийсо алайҳиссаломдан кейин насоролар у зот олиб келган соф ақийдани қандай қилиб бузганларини аввалги оятлар тафсирида ўргандик. Бу оятда эса ўша залолат ботқоғига ботган насороларнинг
«Албатта, Аллоҳ Масиҳ ибн Марямдир», – деганлари куфр экани, уларнинг бу ақийдаси ва гапи Масиҳ ибн Марямнинг айтганларига ҳам буткул зид эканининг баёни келмоқда. Чунки Масиҳ ибн Марям алайҳиссалом ҳеч қачон насороларга «Мен Худоман, менга ибодат қилинг», демаганлар. У зот алайҳиссалом ўзларига эргашганларга:
«...менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз – Аллоҳга ибодат қилинг», – деганлар.
У зот ўзларини ҳам бошқалар қатори, банда ҳисоблаганлар. Шу билан бирга, у киши одамларни умуман ширкдан – «Аллоҳнинг шериги бор», дейишдан қайтарганлар. Тавҳидга – ягона Аллоҳга эътиқод ва ибодат қилишга чақирганлар.
Масиҳ ибн Марям алайҳиссалом насороларга:
«Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва унинг жойи оловдир», – деганлар.
Аммо Аллоҳга берган мийсоқ – аҳдномани бузган насоролар эса «Масиҳ ибн Марям Худодир», деб, Масиҳ ибн Марямнинг ўзлари таъкидлаб айтган маълумотнинг тескарисини қилмоқдалар. Бу улар томонидан бўлаётган катта зулмдир.
«Ва золимларга ҳеч қандай нусрат берувчилар йўқдир». Валлоҳу аълам!