Ассалому алайкум раҳматуллоҳу ва баракотуҳ Шайх Ҳазратлари!Ҳазрат сизни яна савол бериб вақтингизни олаётганимдан хижолатдаман ва узр сўрайман. Мен олдинги гўшт ҳақида иккита саволимга жавоб олганимдан жуда хурсандман. Менда яна бир савол туғилди. Устоз, мен ишлаётган корхона ишчиларни овқатини ўз бўйнига олган ва ошхонасида овқат қилиб ишчиларга беради. Лекин гўшт масаласида менда шубҳа бор, яъни бу олиб келиб ишлатилаётган гўшт ким томонидан, қанақа қилиб сўйганидан хабаримиз йўқ. Буни билиш жуда қийин, балки иложсиз. Мана шу ҳолатда, мен ишлаётган жойимдан бериладиган бепул овқатдан тийилиб (балки ҳафтанинг 5 кунида рўза тутиб юришим) юришим керак бўладими?Корхона шаҳардан узоқда бўлганлиги ва ўз ҳисобимиздан овқат ейиш қимматга тушиб кетишини ҳисобга оладиган бўлсам, рўза тутиш афзал деб ҳисобласа бўладими? Умуман олганда, агар шубҳали гўштдан тайёрланган овқатлардан узоқ бўлмоқчи бўлсак, бу овқатларни умуман емаслик керакми ёки овқатдаги фақатгина гўштни истеъмол қилмасдан, овқатнинг қолган қисмини истеъмол қилса ҳалол ҳисобланадими? Устоз мусулмонлар учун қилаётган ишларингизга Аллоҳ катта савоблар берсин, Аллоҳ сизни ўз паноҳида асрасин. Ассалому алайкум раҳматуллоҳу ва баракотуҳ!