Ассалому алайкум! Мен яқинда она бўлиш арафасидаман. Кўпинча ҳолатимдан келиб чиқиб кўнглим айнаб қайт қиламан. Мана шундай ҳолатда таҳорат ва мустаҳаб кетадими ёки намоз ўқийверса бўладими?
Ва алайкум ассалом! Таҳорат кетади, истинжо қилинмайди. Янги таҳорат олиб намоз ўқилаверади.
Ундан (суюқ қондан) бошқасини қайт қилиш ҳам, агар оғизни тўлдириб чиқса.
Оғизни тўлдириб чиққан ҳар бир қусуқ таҳоратни кетказади. Бунда қусуқ таом, сув, қотиб қолган қон, сафро бўлиши мумкин.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ أَصَابَهُ قَيْءٌ أَوْ رُعَافٌ أَوْ قَلَسٌ أَوْ مَذْيٌ فَلْيَنْصَرِفْ فَلْيَتَوَضَّأْ، ثُمَّ لِيَبْنِ عَلَى صَلَاتِهِ وَهُوَ فِي ذَلِكَ لَا يَتَكَلَّمُ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимга намозида қайт, бурун қонаш, қусқи ёки мазий етса, чиқиб, таҳорат қилиб келсин ва гапирмаган бўлса, келган жойидан давом эттирсин», дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَاءَ فَتَوَضَّأَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қусдилар ва таҳорат қилдилар».
Термизий ривоят қилган.
Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, ошқозондан бир дафъада оғизни тўлдириб келган қусуқ таҳоратни кетказади.
Аввалги жумлаларда қон, қайт, балғам ва йиринг каби нарсалар ҳақида баёнотлар келгани ва уларнинг ичида бетаҳорат қиладигани ва қилмайдигани бўлгани учун, келаси жумлада бетаҳорат қилмайдиган нарсаларнинг ҳукми ҳам баён қилинмоқда. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!