- Сизлар китоб ўқимайсизлар шекилли. Бу масалани кўплаб китобларда тушунтирилган. Наҳотки ҳозиргача бу осон ҳақиқатни билмасингизлар. Шариатга ҳамма амал қила олади.Уламоларимиз шариат илмларини зоҳирий фиқҳ деб атайдилар, ёки шундай фиқҳ илми дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради. Мисол учун таҳорат, ғусл, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларнинг зоҳирий масалаларини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида зоҳирий фиқҳ илми–шариат баён қилиб беради. Худди ўша ибодатларни адо этиш жараёнида қалбни қандоқ тутиш керак, хушуъ ва хузуъни қан-дай адо этиш лозимлигини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида ботиний фиқҳ илми–тариқат баён қилиб беради.Яна ҳам тушунарли бўлиши учун мисоллар келтирайлик. Таҳоратнинг фарзи, суннати ва мустаҳаблари нималар эканлигини, бу ибодатни адо этиш чоғида турли аъзоларни қандоқ тутиш ва ювилиши лозим бўлган аъзоларни қанча ҳамда қандоқ ювиш кераклигини зоҳирий фиқҳ илми–шариат баён қилиб беради.Таҳоратдан таълим бераётган фақиҳ олим, қўлни яхшилаб уч марта ювилади, панжаларни бир-бирининг орасига киритиб таҳлил қилиш лозим. Юзни ювганда ундоқ қилиш керак. Оёқни ювганда бундай қилиш керак деб ташқи ҳукмларни баён қилиб беради.Таҳоратдан таълим бераётган тасаввуф олими бу ибодатни қилишни бошлаганда ва уни адо этиш жараёнида қалбни қандай тутишни ўргатади. Ҳар бир аъзони ювганда қалбдан нималар ўтиши кераклигини майдалаб баён қилади. Намоз неча вақт фарз, вожиб ёки суннат. Бомдоднинг неча ракъати фарзу, неча ракъати суннат. Намозда турганда, рукуъ ёки сажда қилганда гавдани қандоқ тутмоқ лозим. Қаъдада ўтирганда гавда, қўл ва оёқлар қай шаклда бўлиши керак каби кўплаб масалаларни зоҳирий фиқҳ илми баён қилиб беради.Намоздаги руҳий ҳолатни, қалбни тутишни, хушуъ ва хузуъни ҳамма – ҳаммасини ботиний фиқҳ илми баён қилади.