Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хайвон бозоридаги савдо

11:05 / 10.11.2020 | Qobiljon | 5203

Ассалому алайкум! Хайвон бозоридаги савдода савдогар хайвонни сотувчидан олиб ўрнида ёки шу бозорнинг бирор жойида сотиши мумкинми? 


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! “Кифоя” китобида қуйидагича келади:
Ерлик аҳолига зарар келтириб, жалб қилиб келтирилаётганнинг йўлини тўсиб чиқиш ва қаҳатчилик вақтида ерлик одамнинг четдан келганга сотиб бериши ҳам макруҳ.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ  لَا تَلَقَّوُا الرُّكْبَانَ، وَلَا يَبِعْ حَاضِرٌ لِبَادٍ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ وَفِي رِوَايَةٍ  فَإِنْ تَلَقَّاهُ إِنْسَانٌ فَابْتَاعَهُ، فَصَاحِبُ السِّلْعَةِ فِيهَا بِالْخِيَارِ، إِذَا وَرَدَ السُّوقَ  وَلِمُسْلِمٍ وَالتِّرْمِذِيِّ  لَا يَبِعْ حَاضِرٌ لِبَادٍ، دَعُوا النَّاسَ، يَرْزُقِ اللهُ بَعْضَهُمْ مِنْ بَعْضٍ  

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар. Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Агар бир инсон унинг олдини тўсиб чиқиб, сотиб олса, савдо молининг эгаси бозорга келганда ихтиёри ўзида бўлади», дейилган.
Муслим ва Термизийнинг ривоятида:
 
«Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин. Одамларни тек қўйинглар. Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», дейилган.
Ушбу ҳадиси шарифда бозор қоидаларидан яна бири, яъни бозор атрофида айланиб юриб, осон йўл билан бойлик орттириш мақсадида нарх-навонинг ўсишига сабаб бўладиган кишиларнинг иши нотўғри экани баён қилинмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар. Ерлик саҳроликка сотиб бермасин», дедилар.
Бу «Ташқаридан ўз маҳсулотларини сотиш учун  бозорга олиб келаётганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозордаги нархни билмасларидан олдин арзон-гаров сотиб олманглар», деганидир.
Жоҳилият даврида бу ишни қиладиганлар бор эди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари: «Биз улов минганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозорга келмасларидан олдин таомларини сотиб олар эдик», деганлар.
«Ерлик саҳроликка сотиб бермасин».
Баъзи ривоятларда «даллоллик қилиб», дейилган. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Ерликнинг саҳроликнинг молини сотиб бериши даллоллик қилмаслик билан бўлса, жоиз», деганлар. Чунки ерлик даллоллик қилганда ўзининг фойдасини кўзлаб, қимматроқ сотишга ҳаракат қилади ва натижада кўпчилик харидор молни саҳроликнинг ўзи сотадиган арзон нархга ололмайди. Шунинг учун ҳам бозорнинг нархини сунъий равишда ўстирмай, табиий ҳолига қўйиб бериш керак.
Ушбу қоидада Ислом шариатида кўпчиликнинг фойдасини кўзлаб иш тутиш очиқ-ойдин кўриниб турибди. Улов минганнинг олдини тўсиб чиқиш ман қилинганда иш бир киши билан битар эди. Шунинг учун содда одамни устомон алдамасин, деган асосда иш кўрилди. Яъни битта устомон содда деҳқонни алдаб, молини арзон нархга сотиб олмасин, дейилди. Лекин, шу билан бирга, ўша устомон содда деҳқондан кўра қимматга сотиши оқибатида нарх ўсиши назарда тутилди.
Иккинчи ҳолатда иш саҳроликнинг зарарига кетаётганга ўхшайди. Чунки агар ерлик одам унга сотиб берса, у ўзи сотгандан кўра кўпроқ фойда олиши мумкин эди. Аммо бу ҳолда кўпчиликнинг, хусусан, келиб ундан нарса сотиб оладиганларнинг манфаати эътиборга олинган. Бунда ҳам воситачилар меҳнат қилмай, нарх-навони сунъий равишда юқори ушлаб туришларига йўл қўймаслик учун шундай қилинган. Ҳар бир бозорда шунга ўхшаш тамагирлар бўлади. Улар ўз фойдаларини кўпчилик ҳисобидан топадилар. Ислом шариатида бу нарсага рухсат берилмаган.
Саҳрода ва қишлоқда яшайдиган кишилар одатда бозордаги нархдан яхши хабардор бўлишмайди, савдо-сотиқ ишларида шаҳар аҳолисичалик устомон ҳам бўлишмайди. Шунинг учун йўлини тўсиб чиқиб, молини сотиб олмоқчи бўлган одамга арзонга сотиб қўйиши мумкин. Натижада у ҳам, бозорга келадиган оддий харидорлар ҳам зарар кўрадилар.
«Агар бир инсон унинг олдини тўсиб чиқиб, сотиб олса, савдо молининг эгаси бозорга келганда ихтиёри ўзида бўлади». Яъни ташқаридан, саҳро ва қишлоқлардан мол олиб келаётганлар бозорга келиб, вазиятни ўз кўзи билан кўриб, мулоҳаза қилиб сотгани яхши бўлади. Агар бир киши ўз молини олдини тўсиб чиққан чайқовчига сотса-ю, кейин бозорга келиб, нарх-навони кўргач, айниб қолса, молини қайтариб олишга ҳаққи бор.
Шариат доирасида, ҳаром-ҳариш аралаштирмай, сотувчи ва олувчи ўзаро рози бўлган ҳолда тижорат юритавериши керак. Бу қоидани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг
«Одамларни тек қўйинглар! Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», деган гаплари билан ифода этганлар. Бу бозорда эркин савдо бўлсин, деганларидир.  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat