Ассалому алайкум! Аллоҳга ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган мухабатни қандай кучайтиришим мумкун? Мен жуда қўрқаман Аллоҳга ва расулимизга мухаббатим камайиб кетишидан.
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Оли Имрон" сурасида марҳамат қилади:
قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
31. «Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», – деб айт.
Аллоҳга муҳаббат, иймон қуруқ гаплар эмас. Одамлар орасида ўзининг иймони борлигини, Аллоҳга муҳаббати борлигини айтиши билан собит бўладиган нарса ҳам эмас. Аллоҳга ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий иймон оғизда айтиладиган гап, виждоний ҳис-туйғу ёки баъзи расм-русумларни адо этишдан иборат иш эмас. Аслида у Аллоҳга ва Унинг Расулига тўлиқ бўйсунишдан иборатдир.
«Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг...»
Ким Аллоҳга муҳаббати борлигини даъво қилса, бу даъвонинг тўғри ёки нотўғрилиги ҳақидаги ҳукм унинг Набий алайҳиссаломга эргашишига қараб чиқарилади. Агар у Набий алайҳиссаломга тўғри эргашса, даъвоси тўғри. Эргашмаса, тўғри эмас. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга эргашиш ҳар бир бандага битмас-туганмас бахт-саодат келтиради. Бу нарса оятда қуйидагича баён қилинмоқда:
«Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир».
Мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми?! Бунинг устига, унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса! ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!