Ассалому алайкум! Киши бирор неъматни кўрганида унга кўзи тегиб, зарар етиб қолмаслиги учун кўрган неъмат ҳаққига дуо қилиб қўйиши керак. Шунда ўзига тегишли бўлган ёки бирор биродарига тегишли бўлган нарсага зиёни тегиб қолмайди. Бу ҳақда Набий алайҳиссалом шундай деганлар:
إذا رأى أحدكم من نفسه أو ماله أو من أخيه ما يعجبه فليدع له بالبركة فٍان العين حق" رواه الامام الحاكم
Яъни: “Сизлардан бирингиз ўзида ёки молида ёки биродарида кўзни қувонтирадиган нарсани кўрса, унга барака сўраб дуо қилсин. Чунки кўз тегиши – ҳақдир” (Имом Ҳоким ривояти). Демак, "Кўзи" бор одам, бирор кўзни қувонтирадиган нарсага кўзи тушса, "Барокаллоҳу фийҳ", яъни: "Аллоҳ унга барака берсин", деса, кўз тегмайди. Шу ҳадис саҳиҳми? Барокаллоҳу фийҳ деса кўз тегмайдими
– Ва алайкум ассалом! Амал қилинадиган ҳадис. Аллоҳ таоло "Кафҳ" сурасида марҳамат қилади:
وَلَوْلَا إِذْ دَخَلْتَ جَنَّتَكَ قُلْتَ مَا شَاء اللَّهُ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ إِن تُرَنِ أَنَا أَقَلَّ مِنكَ مَالًا وَوَلَدًا
39. Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада қувват йўқ», – десайдинг. Агар мени ўзингдан мол-дунё ва бола-чақа жиҳатидан кам деб билсанг.
Кўз тегиши ҳақ, ҳаттоки инсонни ўзига берилган неъматга ўзининг кўзи ҳам тегиши мумкин. Шунинг учун ўзини ёки фарзанди ёки молидан бирор нарса уни ажаблантирса қуйидаги дуони ўқисин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ бир бандасига аҳл, мол ёки фарзанд неъматини ато қилсаю, у “Маа шаа Аллоҳу лаа ҳавла қуввати иллаа биллааҳ” деб айтса(то ажали етиб вафот топмагунича) ўлимдан бошқа офат кўрмайди” деганлар. Валлоҳу аълам!