Ассалому алайкум! Мен фарзандимни даъволаш мақсадида дори сотиб олган эдим, дорининг таркибини ўқиб кўрганимда таркибида чўчқа ёки молни миясининг ёғи бор (комплекс пептидов аминокислот, полученных из свиного или бычьего головного мозга) деб ёзилган экан. Ушбу дори воситасини даво сифатида қўллаш қанчалик тўғри? Ёнбошдан укол қилинадиган дори.
– Ва алайкум ассалом! Баъзи бир тушунмаган ёки тушунишни хоҳламаган инсонлар, хамрни дорилик учун озгина ичса бўлар экан, деган гапни кўтариб юришади. Аслида хамрнинг барча тури — ичиладигани ҳам, чекиладиган ҳам, ҳидланадигани ҳам, игна билан қабул қилинадигани ҳам оздан бошланиб кўпга ўтар экан. Давога деб оздан бошлаб дардга учраш хавфи ҳаётий тажрибаларда яққол намоён бўлгани аниқ. Шунингдек, исломда бу нарса тамомила ҳаром қилинган.
عَنْ طَارِقِ بْنِ سُوَيْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ : أَنَّهُ سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْخَمْرِ فَنَهَاهُ، ثُمَّ سَأَلَهُ فَنَهَاهُ، فَقَالَ لَهُ: يَا نَبِيَّ اللهِ إِنَّهَا دَوَاءٌ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : لَا، وَلَكِنَّهَا دَاءٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ.
Ториқ ибн Сувайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр ҳақида сўраганида у зот наҳий қилдилар. Сўнгра у яна сўради. Бас, у зот яна наҳий қилдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! У даводир», деди у.
«Йўқ! Аксинча, у дарддир!» дедилар у зот».
Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ривоятда васф қилинган ҳодиса, савол-жавоб ва ҳукмдан минг беш юз йил муддат ўтгандан кейин инсоният ҳақиқатан хамр, маст қилувчи нарсалар дард эканини илмий равишда очиқ-ойдин тушуниб етди. Лекин афсуслар бўлсинким, илми бўлиб иймони бўлмаган инсоният илмий исбот қилинган дардга маҳкам ёпишиб олиб кундан-кунга уни кўпроқ тановул қилишга ўтмоқда.
Баъзи бир тушунмаган кишилар, дорилик учун озгина ичса бўлар экан, деган гапни кўтариб юришади. Ушбу ҳадиси шариф уларнинг зиддигадир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الدَّوَاءِ الْخَبِيثِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ифлос доридан наҳий қилдилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Чунки, Исломнинг шиори покликдир, Иймоннинг асли покликдир. Шунинг учун Ислом ва Иймон ифлосликни ҳар қандай кўринишини, ҳеч қачон қабул қила олмайди. Ислом ва Иймон ҳар қандай ифлосликни йўқ қилиш учун барча имконларни ишга солиб курашади. Ифлос нарса ҳеч қачон фойдали, бинобарин, даволи ҳам бўла олмайди.
عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللهَ أَنْزَلَ الدَّاءَ وَالدَّوَاءَ، وَجَعَلَ لِكُلِّ دَاءٍ دَوَاءً، فَتَدَاوَوْا وَلَا تَدَاوَوْا بِحَرَامٍ.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ дардни ва давони туширган. Ва ҳар бир дардга даво қилиб қўйган. Бас, даволанинглар. Фақат ҳаром ила даволанманглар», дедилар».
Шарҳ: Демак, номи ҳаром нарса борки, даво бўлиши мумкин эмас экан. Шунинг учун мусулмон одам таоми ҳалол бўлишини талаб қилганидек, дориси ҳалол бўлишини ҳам талаб қилиши керак.
وَقَالَ ابْنُ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا أُبَالِي مَا أَتَيْتُ إِنْ أَنَا شَرِبْتُ تِرْيَاقًا أَوْ تَعَلَّقْتُ تَمِيمَةً أَوْ قُلْتُ الشِّعْرَ مِنْ قِبَلِ نَفْسِي. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ
Ибн Умар розияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар тирёқ ичсам, тумор оссам ва ўзимдан шеър айтсам, (бундан кейин) нима қилганимга парво қилмайман», деганларини эшитдим», деди».
Иккисини Абу Довуд ривоят қилган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Шарҳ: «Тирёқ» заҳарни қайтаради, деган эътиқодлар, қилинадиган хурофий ишлар, турли дам солиш, нарсалар ичиш каби жоҳилий чоралардир.
Мисол учун ўша вақтларда бутхона коҳинларидан шу мақсадда тумор қилдириб олишар экан. Бошқа бирлари эса, кўзойнакли илоннинг гўштини хамр-маст қилувчи ичимликка қориб еса заҳар таъсир қилмайди, деб шу ишни қилар эканлар.
«Тумор» маълум ва машҳур нарса.
Хусусан, ўша пайтларда одамлар коҳинларга турли туморларни қилдириб олиб, бу мени ундан сақлайди, бундан сақлайди, деган бузуқ эътиқод ила юрар эдилар.
«Ўзидан шеър айтиш» деганда бўлган-бўлмаган, маза-матраси йўқ шеърларни айтиш кўзда тутилади.
Ушбу санаб ўтилган ишларни қилган одам яхшиликдан умид қилмасалар ҳам бўлар экан. Модомики буларни қилдими, бошқа гуноҳларни қилишда бепарво бўлса ҳам бўлаверади. Чунки шуларнинг ўзи ҳар қандай гуноҳнинг ўрнини босади.
Бу мавзудаги барча далил ва ҳужжатларни яхшилаб ўрганиб чиққан уламолар, жумладан, ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари қуйидаги хулосага келганлар. Умумий қилиб айтганда ҳаром ва нажас нарса билан даволаниш мумкин эмас. Агар дардни даволаш учун ҳалол нарсалардан шифо топилмаса ва ҳаром нарса даво бўлиши аниқ бўлса, у билан даволанишга истисно тариқасида рухсат.
Эркаклар учун ҳаром қилинган ипак, тилло ва кумушларни даво учун ишлатса бўлади. Эркаклар қичима дардига йўлиққанларида тиббий мақсадларда ипак кийим кийиш жоизлигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.
Бунга имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф ва Зубайр розияллоҳу анҳумоларга қичима бўлиб қолганларида ипак кийим кийишга рухсат берганлари ҳақидаги ҳадисни далил қилганлар.
Фуқаҳолар жумҳури эркак киши тилло ёки кумушдан тиш қилиш жоизлигига иттифоқ қилганлар. Агар бир нечта бўлса ҳам майли, деганлар. Шунингдек, тишга тилло ёки кумуш қоплаш ҳам мумкин деганлар.
Бу ҳукмга қуйидаги далиллар келтирилган:
1. «Аржафа ибн Асъад розияллоҳу анҳунинг Килоб уруши куни бурни кесилди. У ўзига кумушдан бурун қилиб олди. Аммо у сасиб кетди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар ва у ўзига тиллодан бурун қилиб олди».
Имом Термизий ривоят қилган.
2. Мусо ибн Толҳа, Абу Жамра аз-Зобъий, Абу Рофеъ ибн Собит ал-Баноний, Исмоил ибн Зайд ибн Собит, Муғийра ибн Абдуллоҳ ва бошқалар тишларига тилло қоплаганлари ҳақидаги ривоят. Валлоҳу аълам!