Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Олимлар шафоати

15:51 / 07.02.2021 | Abror | 7160

Ассалому алайкум! Мен Имом Ғаззолийни "Қиёмат ва охират" китобида ўқиб қолдим. Аллоҳ олимларга жаннат хушхабарини бериб уларга шафоат бериш имкониятини бераркан. Шунда олимларга битта бўлса ҳам яхшилик қилган, уларни китобини тарқатганлар ўринларидан турадилар. Олимлар эса уларни шафоат қилади дейилган экан. Шу ёзилганлар тўғрими? Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шафоатларидан умид қиламиз. Агар Имом Ғаззолийни китобида ёзган нарсалар тўғри бўлса, олимларни китобини ўқиш учун илм ўрганувчиларга тарқатиб олимларни шафоатидан ҳам умид қилсак бўладими ёки бу нотўғрими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Албатта, қиёмат куни бўлса пайғамбарлардан ташқари сиддиқ, шаҳид ва олимларга ҳам шафоат қилиш ҳуқуқи берилади. 

عَنْ عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَشْفَعُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَلاَثَةٌ: الْأَنْبِيَاءُ ثُمَّ الْعُلَمَاءُ ثُمَّ الشُّهَدَاءُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ 

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: «Анбиёлар, уламолар ва шаҳидлар», дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг маъносидан кўриниб турибдики, Ислом уламолари нафақат бу фоний дунёда, балки у боқий дунёда ҳам юксак эъзозланар эканлар. Қиёмат куни уламолар пайғамбарлардан кейинги мартабага, ҳатто Ислом учун Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб, жон берган шаҳидлардан ҳам устун мартабага эришар эканлар. Қиёмат кунининг нима эканлиги ҳаммага маълум. У кунда ҳамма ғам-ташвишда, қўрқинчда қолиши, биров билан бировнинг иши бўлмай қолиши барчага маълум. Ана ўшандай кунда Аллоҳ таоло ўз бандаларидан уч тоифасига алоҳида имтиёз берар экан. Улар барча қўрқинч, даҳшат ва хорликлардан мустасно қилиниб, бошқа бандаларга шафоат бериш ҳуқуқига эга бўлар эканлар.
Аввало анбиёлар ўзлари хоҳлаган, муносиб билган кишиларга шафоат бериб, Аллоҳдан уларни жаннатга киритишини сўрар эканлар.
Анбиёлардан сўнг эса уламоларга шафоат қилиш ҳуқуқи берилар экан. Улар ҳам ўзлари муносиб деб билган одамларга шафоат бериб, Аллоҳдан уларни жаннатга киритишини сўрар эканлар. Сўнгра бу ишга шаҳидлар муяссар бўлар, улар ҳам маълум кишиларни шафоат қилар эканлар.
Ушбу ҳадис уламоларнинг охиратдаги мартабалари қанчалик улуғ эканлигини кўрсатиб турибди. Бу эса олим бўлиш учун қаттиқ интилиш лозимлигини ҳам билдиради.
Уламоларнинг фазли ҳақидаги ҳадислар жуда ҳам кўп. Улардан баъзиларини келтирамиз:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
1. «Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла бандалари орасида ажрим қилиш учун курсисига ўтирганида уламоларга: «Мен илмим ва ҳилмимни сизларнинг бор нарсаларингизни танламасдан, мағфират қилишим учун берганман», дейди», дедилар.
2. «Аллоҳ қиёмат куни бандаларни қайта тирилтирганида уламоларни ажратиб олиб: «Эй уламолар жамоаси, Мен сизларга илмимни сизни азоблашим учун берган эмасман. Кетаверинглар, сизларни мағфират қилдим», дейди», деганлар.
3. «Ибодатнинг афзали фиқҳдир. диннинг афзали парҳезкорликдир», деганлар.
(Парҳезкорлик энг ҳалол нарсаларни истеъмол қилиб, шубҳали нарсаларни тарк этиш, тақволи бўлишдир).
4. «Толиби илмга илм талаб қилиб турган ҳолатида ўлим келса, у шаҳиддир», деганлар.
5. «Кимга илм талаб қилиб турган ҳолида ажали келса, у билан пайғамбарларнинг ўртасида фақат пайғамбарлик бўлади, холос», деганлар.
Ушбу беш ҳадисни Имом Термизий ривоят қилганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайдилар. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар», дедилар.
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Олим билан обид қайта тирилтирилади. Обидга: «Жаннатга кир», дейдилар. Олимга: «Одамларнинг одобини гўзал қилиб тарбиялаганинг сабабли уларга шафоат бериш учун собит тур», дейилади», дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифлардан ибрат олмоғимиз, ҳаётимизда улардан фойдаланмоғимиз лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat