Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Исо Масиҳ худоми?

16:01 / 07.02.2021 | Roza | 9125

Ассалому алайкум! Исо Масиҳ ҳақида кўпроқ маълумот берсангизлар. У насронийлик динини худосими? У ҳам пайғамбарми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! У зот пайғамбардир. Пайғамбарларни ҳам ичида мартабалари улуғ “улул аъзм” деган пайғамбарлар бўлиб, улар олтитадир. Нуҳ алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом, Ийсо алайҳиссалом ва Муҳаммад алайҳиссаломлардир. 

Ийсо алайҲиссалом 

Қуръони Каримда Ийсо алайҳиссаломнинг муборак исмлари йигирма тўрт марта зикр қилинган. У зот ҳақларида «Бақара», «Оли Имрон», «Нисо», «Моида», «Анъом», «Марям», «Аҳзоб», «Шуро», «Зухруф», «Ҳадид» ва «Соф» сураларида оятлар келган.

У зотнинг исмлари Ийсо, лақаблари Масийҳ, кунялари ибн Марямдир.

Ийсо алайҳиссаломнинг насаблари ҳақида насоролар турли ихтилофлар қилганлар. У зотнинг насаблари ҳақида иккита Инжилда икки хил маълумот бор.

Луқо инжилида Ийсо алайҳиссаломни Ясуъ ибн Юсуф ан-Нажжор ибн Ҳоли ибн Ловий ибн Малкий деб Яҳузо ибн Яъқуб ибн Исҳоқ дейилган.

Мутто инжилида эса Ясуъ ибн Юсуф ан-Нажжор ибн Яъқуб ибн Матон ибн ал-Яозир деб Яҳузо ибн Яъқуб ибн Исҳоқ дейилган.

Агар бу икки насабни солиштирадиган бўлсак, орадаги ихтилофдан ҳайрон қолмай, илож йўқ.

Бири «Юсуф ан-Нажжор ибн Ҳолий», дейди.

Иккинчиси «Юсуф ан-Нажжор ибн Яъқуб», дейди.

Бу ихтилоф силсиланинг кейинги ҳалқаларида ҳам давом этаверади.

Ўйлаб кўрайлик, Инжил илоҳий китоб бўлса, нима учун унинг насабини ҳар хил зикр қиляпти? Зикр қилганда ҳам, хилма-хил зикр қиляпти. Бунга ақл бовар қилмайди. Бу ерда фақат бир нарса – Луқо, Мутто ва бошқа исмли кишиларнинг ўзлари Аллоҳнинг номидан китоб ёзган ва ихтилоф қилган бўлишлари мумкин, холос. 

Марям Бинти имрон ҳақида 

Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги ҳар бир сўз Мар­ям бинти Имронсиз ўтмайди. Марям Ийсо алай­ҳиссаломнинг оналаридир. Шунинг учун аввал Қуръони Карим орқали у зот билан танишиб олмоғимиз лозим бўлади.

«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» («Таҳрим» сураси, 12-оят).

Марям бинти Имрон Аллоҳ таолога соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок жасадга ўз руҳидан «Пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган. У киши Аллоҳнинг сўзларига ва китобларига иймон келтирганлар ҳамда итоаткор қавмлардан бўлганлар.

У кишининг оталари катта обрў эгаси ва Бани Исроилнинг улуғ уламоларидан бири эди. У фарзандсиз ҳам эди. Шунинг учун хотинлари «Фарзанд туғсам, Байтул Мақдис хизматига бераман», деб назр қилиб қўйган эди.

«Мен Аллоҳнинг бандасиман»  

Аммо Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир. У хоҳлаган иш бўлади. Бешикдаги гўдак – Ийсо алай­ҳиссалом тилга кирдилар.

«У деди: «Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У Зот менга китоб берди ва мени Набий қилди. Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики, ҳаёт эканман, намоз ва закотни тавсия қилди. Ва волидамга меҳрибон (қилди) ва жабрчи, бадбахт қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир» («Марям» сураси, 30-33-оятлар).

Бешикда ётган Ийсо алайҳиссаломнинг тилларидан ёш боланинг эмас, улул азм пайғамбарнинг сўзлари янгради. Бу илоҳий ҳақиқатлар ҳозиргача янглиш бўлиб келаётган эътиқод, тасаввур ва тушунчаларни тўғрилайди. Ийсо алайҳиссаломнинг таълимоти, у зот ҳақларидаги ботил ғояларни муолажа қилади.

У зотнинг гапларига эътибор берайлик:

«Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман».

«Ҳа, таъкидлаб айтаман, мен Аллоҳнинг бандасиман. Аллоҳ эмасман. Унинг шериги ҳам эмасман. Учликнинг бири ҳам эмасман. Аллоҳнинг ўғли ҳам эмасман. Мен Аллоҳнинг бандасиман, инсонман».

«У Зот менга китоб берди...»

«Аллоҳ менга илоҳий китоб  Инжилни берди. Инжилни мен берганим йўқ».

«...ва мени Набий қилди».

«Аллоҳ таоло мени Ўзига Пайғамбар қилди. Билиб қўйинглар, мен Аллоҳнинг Пайғамбариман. Мен Аллоҳ эмасман».

«Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди».

«Мен қаерга борсам, Аллоҳ ўша ерни хайр-баракотли, бандаларга саодат келтирадиган макон қилиб қўйди. Менинг оёғим етган жойлардаги баракотларни ўзим ҳосил қилмайман. Бу якка ва ягона, шериксиз Аллоҳнинг қудратидир».

«Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни тавсия қилди».

«Бу ҳам менинг Аллоҳнинг бандаси эканлигимдан далолат. Чунки ҳаёти давомида намоз ўқиб, закот бериш банданинг вазифасидир».

«Мени онамга меҳрибон қилди...»

«Марям  менинг онам. Худо эмас. Мен инсонман, мени инсон туққан. Инсон боласи онасига меҳрибон бўлганидек, мен ҳам онамга меҳрибонман. Аллоҳ мени:

«...жабрчи, бадбахт қилмади».

«Онамга меҳрибон бўлганимдек, бошқа инсонларга ҳам шафқатлиман, ҳеч кимга жабр-ситам етказмайман».

«Менга туғилган кунимда ҳам...»

Башар каби туғилган зот ҳеч қачон Худо бўла олмайди. У Худо бўлиши мумкин эмас.

«...ўладиган кунимда ҳам...»

Демак, Ийсо ўлади. Бу сифати ҳам у зотнинг Худо бўлиши мумкин эмаслигини тасдиқлайди. Ўлиш бандага хос ҳодиса бўлиб, Худога хос эмас.

«...ва қайта тириладиган кунимда ҳам...»

Қайта тирилиш ҳам бандага хос.

«...салом бордир», деди.

Яъни «Менга ҳар уч ҳолатимда – туғилган, ўлган ва қайта тирилган кунимда саломатлик, омонлик ва хотиржамлик бордир».

Диққат қиладиган бўлсак, Аллоҳнинг бандаси ва Пайғамбари бўлмиш Ийсо алайҳиссаломнинг бу сифатлари у зотдан олдин келган Яҳё алай­ҳиссаломдаги сифатларнинг айнан ўзи. Бу ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг Худо эмас, Худонинг Пайғамбари эканликларини яна бир бор тасдиқлайди. 

Ибн Марям тўғрисидаги ҳақ сўз 

Оят давомида Аллоҳ таоло башариятнинг тенг ярмини довдиратиб турган ғоят чигал масалага якун ясайди ва Ийсо алайҳиссаломнинг ким эканликларини қатъий қилиб англатади.

«Мана шу шубҳа қилишаётган Ийсо ибн Марям тўғрисидаги ҳақ сўздир» («Марям» сураси, 34-оят).

Бундан ўзга ҳақ сўз бўлиши мумкин эмас.

Бошқалар у зот ҳақларида фақат шубҳали ва норасо сўзлар айтадилар, холос. Баъзилар уни «худо» дедилар, баъзилар оналари Марямни зинокорликда айбладилар. Бу қуруқ ва асоссиз сўзларга эмас, Аллоҳнинг ҳақ каломига ишониш керак.

«Бола тутмоқ Аллоҳга ҳеч тўғри келмас. У Зот покдир. Бир ишни ҳукм қилса, унга «Бўл!» дейди, холос, бас, у бўладир» («Марям» сураси, 35-оят).

Болали бўлиш ва уни ўстириб, вояга етказиш бандага хос иш. Чунки банданинг умри қисқа, ўзидан кейин ному насаб қолдириши учун болага муҳтож бўлади. Аллоҳ эса бунга муҳтож эмас. У доимо ва абадий боқийдир.

Шунингдек, бола бандаларга заиф бўлганликлари учун керак. Улар дунёвий ишларида болаларнинг ёрдамига муҳтождирлар. Аллоҳ таоло ҳеч қандай ёрдамчига муҳтож эмас.

«У Зот покдир».

У ҳеч нарсага ҳожатманд эмас. У ҳамма нарсага қодир. Хоҳлаган ишини хоҳлаган вақтида бажаради.

«Бир ишни истаса, унга «Бўл!» дейди, холос, бас, у бўладир».

Бошқа бир бажарувчи, ёрдамчи, ўринбосар ёхуд муовиннинг Унга кераги йўқ.

Ийсонинг пайғамбарлиги  

Ийсо алайҳиссалом шу тарзда ўсиб, ул­ғайдилар. Ўттиз ёшга етганларида Аллоҳ таоло у зот пайғамбар қилиб юборди. Ийсо алайҳиссаломнинг пайғамбар этиб юборилишлари ва ўшанда у зотнинг қавмига айтган гаплари ҳақида бир қанча ояти карималар келган. Шулардан баъзиларини ўрганамиз:

«Уларнинг изларидан Ийсо ибн Марямни ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб юбордик. Унга Инжилни ичида ҳидоят ва нур бўлган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи ҳамда тақводорлар учун ҳидоят ва мавъиза қилиб бердик» («Моида» сураси, 46-оят).

Аллоҳ таоло «Ийсо ибн Марямни яҳудийларнинг пайғамбарлари изидан пайғамбар қилиб юбордик», дейди. Ийсо алайҳиссалом ўзларидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлиб келганлар. Аллоҳ таоло у зотга Инжил китобини берган.

«ичида ҳидоят ва нур бўлган».

Инжилда ҳам кишиларга тўғри йўлни кўрсатувчи ҳидоят ва уларнинг икки дунёдаги саодат йўлларини ёритувчи нур бор.

«ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи».

Яъни Инжил Таврот шариатига баъзи ўзгаришлар киритган, холос. Шу билан бирга:

«тақводорлар учун ҳидоят ва мавъиза».

Ҳа, илоҳий китоблардаги ҳидоятдан манфаат топиш учун тақволи бўлиш керак. 

Бу китоблардаги ҳидоят ва нурнинг фойдаси тақвоси борларга тегади. Тақводан холи, ғафлат босган қалбларга эса бу нур ва ҳидоят кириб бормайди. Аллоҳ туширган китобда ҳидоят мавжудлиги аниқ, нур мавжудлиги аниқ, энди ана шу ҳидоят ва нурдан манафаат топиш учун ҳассос қалб керак.

«мен сизга Ҳикматни келтирдим» 

«Зухруф» сурасидаги оятлардан ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг янги пайғамбар бўлиб борган чоғларида қавмларига айтган гапларидан намуна келган:

«Ийсо очиқ-ойдин ҳужжат мўъжизалар билан келган чоғида деди: «Батаҳқиқ, сизга ҳикмат билан ва сиз ихтилоф қилаётган баъзи нарсаларни баён қилиш учун келдим. Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар. Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир» (63-64-оятлар).

Ийсо алайҳиссалом қавмларига Аллоҳнинг ваҳдониятига ва ўзларининг ҳақ Пайғамбар эканликларига далолат қилувчи оятлар, мўъжизалар билан келдилар. У зот қавмларига ўша пайт:

«Батаҳқиқ, сизга ҳикмат билан... келдим» дедилар. 

Ҳикмат улуғ неъматдир. Ҳикмат Пайғамбарликдир. Яна Ийсо алайҳиссалом қавмларига:

«...сиз ихтилоф қилаётган баъзи нарсаларни баён қилиш учун келдим», дедилар. 

Чунки қавм Мусо алайҳиссаломнинг шариатлари ҳақида кўпдан-кўп ихтилофга тушган, ҳар хил мазҳаб ва фирқаларга бўлиниб кетган эди. Ийсо алайҳиссалом уларга ана шу ихтилофлар ҳақидаги ҳукмни баён қилиб бердилар. Ва:

«Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар», дедилар. 

«Аллоҳга тақво қилмаслик, Пайғамбарга итоат этмаслик оқибатида мазкур ихтилофлар келиб чиққан эди. Бас, энди у ихтилофларни йиғиштириб, Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг, ана шунда иш яхши бўлади».

«Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир».

Демак, Ийсо алайҳиссалом қавмларига «Аллоҳ менинг Роббим», деганлар. «У менинг отам», деган эмаслар. Демак, Аллоҳ таоло бошқа бандаларга Робб бўлгани каби, Ийсо алайҳиссаломга ҳам Робб­дир.

«Бас, Унга ибодат қилинг».

Демак, Ийсо алайҳиссалом «Менга ибодат этинг», деган эмаслар, балки «Аллоҳга ибодат қилинг», деганлар. Кимки бошқа гап айтса, ёлғон айтибди. 

У зотнинг ўзлари ҳам:

«Мана шу тўғри йўлдир», дедилар.

Яъни «Аллоҳга ибодат қилиш тўғри йўлдир», дедилар. Лекин қавмлари бу кўрсатмага амал қилмадилар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat