- Васвасага қарши курашиш учун аввало Аллоҳ таолодан кўмак сўраш керак. Кейин У Зотнинг зикрини кўп қилиш, У Зотга солиҳ амаллар билан қурбат ҳосил қилиш, У Зотдан домио шайтоннинг васвасасидан паноҳ сўраб юриш зарур. - Кейин васвасага эътибор бермаслик, унга берилмаслик, ундан давом этмаслик ва васваса пайтидан пайдо бўлган хаёлга тескари иш қилиш керак. Мисол учун васваса таҳоратда фалон аъзони қайта ювишни тақозо қилса, ўшани қайта ювмаслик керак ва таҳорат қилишни давом эттиравериш зарур. Агар васваса бўлиб, таҳоратни қайта қил, намозни қайта ўқи деса, буни қилмаслик керак. Таҳорат ҳам, намоз ҳам саҳиҳ бўлади. - Васасанинг энг яхши амалий давоси унинг йўлини тўсишдир. Ундан бутунлай узоқлашишдир. Ва шу шаръий ҳукм эканини тўлиқ тушуниб етишдир. Шу билан Аллоҳ таолонинг розилигига эришилишига тўлиқ ишонишдир. Аксинча, васвасада давом этиш шайтоннинг амрига юриш бўлиб, Аллоҳ таолонинг қаҳрига олиб боришини англаб етишдир.- Мусулмон одам васваса ва унга ўхшаш нохуш ҳолатларга дучор бўлмаслик учун доимо таҳорат билан юриши ва доимо тили ва дили Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши керак.