Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Масжидга кирганда ӯқиладиган дуо ва намоз

09:12 / 22.02.2021 | Imron | 14788

Ассалому алайкум! Масжидга кирганда ӯқиладиган дуо ва намоз ҳақида айтиб берсангиз илтимос!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي حُمَيْدٍ أَوْ أَبِي أُسَيْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا دَخَلَ أَحَدُكُمُ الْمَسْجِدَ فَلْيُسَلِّمْ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ لِيَقُلِ اللَّهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ، فَإِذَا خَرَجَ فَلْيَقُلِ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ  

Абу Ҳумайд ёки Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирортангиз масжидга кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берсин. Сўнгра:
«Аллоҳумма ифтаҳ лий абваба роҳматика», десин.
Агар чиқадиган бўлса, «Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика», десин», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абу Усайд розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик.
Абу Усайд куняси билан машҳур бўлган бу саҳоба Абдуллоҳ ибн Собит ал-Ансорийдирлар.
У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматкорларидан бўлганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Бу зот ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда масжидга кириш ва чиқиш одоби ҳақида сўз бормоқда.
1. Масжидга кирадиган одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ассалому алайка йаа Расулаллоҳ», деб салом бериши керак.
2. Шу билан бирга, масжидга кираётиб: «Аллоҳумма ифтаҳ лий абваба роҳматика» – «Аллоҳим, менга раҳматинг эшикларини очгин» деган дуони ўқиш керак.
3. Масжиддан чиқаётганда эса «Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика» – «Аллоҳим, мен Сендан фазлингни сўрайман» деган дуони ўқиш лозим.
Олдин билмаган бўлсак, энди билиб олдик. Доимо ушбу дуоларни  ўқиб юрайлик. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). 

Намозхон масжидга кирганида агар фарз намозлари адо этилмаётган бўлса, масжид билан саломлашиш ниятида ўқийдиган намози «таҳийятул масжид» дейилади. Бу намозни икки ёки тўрт ракат ўқиса бўлади. Афзали тўрт ракат ўқишдир. Агар масжидга кирган киши жамоатнинг равотиб суннатларни ёки фарзни ўқиётганини кўрса, таҳийятул масжид намозини шу суннат ёки фарзларга қўшиб ният қилади. Шу билан у суннат ва ёки фарзга қўшиб таҳийятул масжидни ўқиганлик савобини олади. Аммо ниятни қилмай, суннат ёки фарзнинг ўзини ўқиса, ундан таҳийятул масжид намозини ўқиганлик савобига эришмайди. Таҳийятул масжид намозини масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат ҳисобланади.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин», деганлар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган). Бу икки ракатли намоз «таҳийятул масжид» (масжид саломи) намози дейилади.
Шофеъий ва ҳанбалий мазҳабида таҳийятул масжидни қай вақтда бўлса ҳам: намоз ўқиш макруҳ ёки имом хутба ўқиётган пайтда ҳам ўқиш керак, дейилади. Моликий ва ҳанафий мазҳабларида эса, имом хутба қилаётган бўлса, таҳийяти масжид ўқилмайди. Шунингдек, ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийятул масжид ўқилмайди. Намозхон масжидга кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқисаю, таҳийятул масжидни ўқишни ният қилса, таҳийяти масжид ўрнига кифоя қилади. Борди-ю масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя қилади.
Бу намознинг ҳукмидан Масжидул ҳаром истисно қилинган. Бу масжиднинг таҳийяти тавоф билан бўлади.
Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийятул масжид намозини ўқий олмаса, «Субҳаналлоҳи, валҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни айтса кифоя қилади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat