Ассалому алайкум! Бази вазиятларда қийналиб қоламан сафарга чиқсам ёки бирор жойга борганимизда намоз ўқишга жой сўраганимизда уй эгалари шу хонага кириб ўқиб олинг дейишади. Ўша хонага кирсак спиртлик ичимликлар кўп бўлган вазиятлар бўлади. Шу вазиятда нима қилсак бўлади? Шунақа жойларга намоз ўқиш жоизми?
– Ва алайкум ассалом! Ҳар хил суратлар бўлмаса у ерда намоз ўқиш жоиз. Гарчи ҳаммага маълум у ерда Аллоҳга ширк келтирадиган жой бўлса ҳам.
ЧЕРКОВДА НАМОЗ ЎҚИШ ҲАҚИДА
وَقَالَ عُمَرُ رَضِي اللهُ عَنْهُ: إِنَّا لَا نَدْخُلُ كَنَائِسَكُمْ مِنْ أَجْلِ التَّمَاثِيلِ الَّتِي فِيهَا الصُّوَرَ. وَكَانَ ابْنُ عَبَّاسٍ يُصَلِّي فِي الْبِيعَةِ إِلَّا بِيعَةً فِيهَا تَمَاثِيلُ
Умар розияллоҳу анҳу: «Биз суратларингиз сабабидан черковларингизга кирмаймиз», деган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо суратлари бор черковдан бошқасида намоз ўқийверар эди.
عَنْ عَائِشَةَ: أَنَّ أُمَّ سَلَمَةَ ذَكَرَتْ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَنِيسَةً رَأَتْهَا بِأَرْضِ الْحَبَشَةِ يُقَالُ لَهَا مَارِيَةُ، فَذَكَرَتْ لَهُ مَا رَأَتْ فِيهَا مِنَ الصُّوَرِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أُولَئِكَ قَوْمٌ إِذَا مَاتَ فِيهِمُ الْعَبْدُ الصَّالِحُ - أَوِ الرَّجُلُ الصَّالِحُ - بَنَوْا عَلَى قَبْرِهِ مَسْجِدًا، وَصَوَّرُوا فِيهِ تِلْكَ الصُّوَرَ، أُولَئِكَ شِرَارُ الْخَلْقِ عِنْدَ اللهِ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Умму Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзи Ҳабашистонда кўрган Мория деб аталган бир черковни гапирди. Унда кўрган суратларини ҳам у зотга зикр қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана ўшалар – ораларида солиҳ банда [ёки солиҳ киши] вафот этса, унинг қабри устига масжид қурган ва ичига ўша суратларни чизиб олган одамлардир. Ана шулар Аллоҳнинг ҳузурида махлуқотнинг энг ёмонларидир», дедилар». (“Олтин силсила” китобидан "Саҳиҳул Бухорий"). Валлоҳу аълам!