Ассалому алайкум! 6 ойлик келинман қайнонам тўйдан кегин анча урушлар қилди. Онанг у нарса олиб бермади мани орзу хавасим бор эди онанг ёмон деб 2 маротаба уйимга ташлаб келди. Мана яна 1ойдан буён уйимдаман қайнонам тўйдим ўзимга мос келин оламан деб ажраштирмоқчи. Эрим бошида норози эди ажрашмайман деган эдилар энди сандақа хотин керак эмас деб хақоратлар қилябти. Айбим нима мени хамма айтганиз қилдим сизи рухсатингисиз кўчага чиқмадим сизни деб онамдан вос кечдим десам уйни тозаламадин фаросатсиз хотинсан домашни телефондан нега уйиндегиларга телефон қиласан, ахир санга гаплашиш тақиқланган сени дастиндан онамдан тинчлик йўқ. Сан билан яшамайман эртага ажрашгани бораман деб урушдилар. Аллоҳ гувох бирор марта остонадан хатлаб чиқмадим ота-онам уйига хам бормадим, тақиқлашди оилам тинч босен деб қаршилик қилмасдан. Сизлар нима десангиз шу деб телефон хам ишлатмадим, ахир мени айбим нима, уларни хурматларин жойига қўйиб хамма этганларин қилганимми? Уй ховли катта ёлғиз келинман янги бегона оилага бориб кўникиб олгунча худо хохласа хаммасини қиламан ўрганиб олсам дедим. Бизни ётоқ хонамизга кириб суратга олиб мана деб хаммага кўрсатибди қайнонам қачонгача менга ўхшаган ёш қизлар бахтсиз бўлиб ота онасининг уйига қайтиб келади. Агар яхшиликча ажрашмасам шанимга доғ тушурадиган гаплар тарқатаман тўйдан кегинги бокиралик хақидаги далил исбот мени қўлимда, нима қиласилар деб қўрқитди қайнонам. Нима қилай оилам бузулишини хохламайман кунда нафл намозларимда сўрайман биз индамай кечирим сўраганимиз сари бизни уйга хам киргизмай камситишмоқда майли деб сабр қилябмиз, лекин улар бизни хар хил бемани гаплар билан тинч қўйишмаяпти, тезроқ ажрашишсин қутулай деб. Нахотки бир қизни тақдири шунчалик тез бўладиган даражада осон бўлса нима бўлибти, ажрашган битта сенмидин хич нима қилмайди, онангда айиб, мани менсимай айтганим қилмади баттар бўлсин ана қизини олсин бопладим деб ўзими юзимга айтди. Энди бўлса мени жинни касалга чиқармоқда нима қилай бу ёғда эрим бу ёғда қайнонам. Тобим бўлмай қолдим уй тозаламаганим учун бошқа уй ишларин қилмаганим учун ажрашишимиз керакми?
– Ва алайкум ассалом! Сиз қуйидаги оятни кўп ўқинг. Аллоҳ таоло "Юсуф" сурасида марҳамат қилади:
قَالَ إِنَّمَا أَشْكُو بَثِّي وَحُزْنِي إِلَى اللّهِ وَأَعْلَمُ مِنَ اللّهِ مَا لاَ تَعْلَمُونَ
86. У: «Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман ва Аллоҳдан сиз билмаган нарсани билурман.
Қуйидаги дуоларни ҳам ўқинг.
Тўрт нарсадан ғафлатда қолманг!
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий роҳимаҳуллоҳ айтади:
«Тўрт нарсадан ғафлатда қолган тўрт кишига ҳайронман:
Биринчиси ғам-ғуссага ботган одам. У қандай қилиб Юнус алайҳиссаломнинг Қуръонда келган, «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, иннии кунту миназ-золимийн» (Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сени поклаб ёд этаман! Мен ўзимга зулм қилиб қўйдим) деган дуосидан ғафлатда қолади? Ахир У Зот бу оятнинг кетидан «Биз унинг дуосини ижобат қилдик ва ғам-ғуссадан нажот бердик» демоқда-ку! (Анбиё сураси, 87, 88-оятлар)
Иккинчиси катта зарар етган одам. У қандай қилиб Айюб алайҳиссаломнинг Қуръонда келган, «Иннии, массанияд-дурру, ва анта арҳамур-роҳимийн» (Менга оғир зарар етди. Аммо Сен раҳм қилувчиларнинг энг раҳмлисисан) деган дуосидан ғафлатда қолади? Ахир У Зот бу оятнинг кетидан «Биз унинг дуосини ижобат қилдик ва унга етган зарарни кетказдик» демоқда-ку! (Анбиё сураси, 83, 84-оятлар)
Учинчиси даҳшатга тушган одам. У қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонларнинг «Ҳасбуналлоҳ ва ниъмал-вакил!» (Бизга Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У Зот қандай яхши вакил!) деган ғафлатда қолади? Ахир У Зот бу оятнинг кетидан «Улар Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила қайтдилар, уларга асло зарар етмади» демоқда-ку! (Оли Имрон сураси, 173, 174-оятлар)
Тўртинчиси одамларнинг макрига алданган киши. У қандай қилиб Мусо алайҳиссаломнинг Қуръондаги «Ва уфаввиду амрии илаллоҳ. Инналлоҳа басийрун билъибаад» (Ишимни Аллоҳга топширдим. Албатта, Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир) деган сўзидан ғафлатда қолади? Ахир У Зот бу оятнинг кетидан «Аллоҳ уни уларнинг ёмон макридан сақлади» демоқда-ку? (Ғофир сураси, 44, 45-оятлар). Валлоҳу аълам!