- «Қарз» сўзи луғатда қайчи ила кесиш маъносини билдиради. Қарз берган киши молидан бир қисмини кесиб бошқага беради.- Фиқҳий истилоҳда молни бировга бадалини қайтариш шарти ила манфаатланиш учун беришга қарз дейилади.- «Дайн» сўзи луғатда ҳақнинг собит бўлишини англатади. Ҳақ қарз бўладими ёки бошқа бўладими бири бир.- Фиқҳий истилоҳда «дайн»нинг турлича таъриф қилинган. Ҳанафий уламолардан Ибн Нужайм уни қуйидагича таърифлайди: «Дайн зиммада ҳақнинг лозим бўлишидир». Ушбу эътибордан дайн қарздан кўра шомил бўлади. У қарзни ҳам, ундан бошқа зиммага лозим бўлган ҳақларни ҳам ўз ичига олади. Шунинг учун молиявий ва молиявий бўлмаган ҳақлар ҳам дайн дейилаверади. Мисол учун қазо намоз, рўза ва закот ҳам дайн дейилади. Шунингдек қарз орқали ёки савдо, ижара, талофат етказиш каби нарсалар туфайли кишининг зиммасига тушган ҳақлар ҳам дайн бўлади.