Ассалому алайкум! Мен Қуръон эшитганимда Биз сизга ўқишни ёзишни ўргатдик дейилади. Шу сўзлар Қуръон(да) борми?
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Алақ" сурасида марҳамат қилади:
اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ عَلَّمَ الْإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ
3. Ўқи! Роббинг Карамлиларнинг карамлисидир.
4. У қалам билан илм ўргатгандир.
5. У инсонга билмаган нарсасини ўргатди.
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ушбу беш оят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида «таҳаннус» деб номланган ибодат қилиб ўтирганларида нозил бўлган. Бу муборак беш оят илоҳий дастур – Қуръони Каримнинг инсониятга етиб келган бош дебочасидир. Худди ушбу беш муборак оят нозил бўлган ондан бошлаб, инсоният ўз тарихидаги энг бахтли, энг нурафшон лаҳзаларини яшашга бошлади. Ушбу муборак беш оят нозил бўлган лаҳзадан бошлаб, инсоният ўз Роббининг абадий мўъжизаси, қўлланмаси – Қуръони Каримни қабул қилиб ола бошлади. Ушбу муборак беш оят нозил бўла бошлаши ила Аллоҳ таолонинг Ўзи мўмин мусулмон бандаларига ушбу мукаммал дастурни ҳаётларига татбиқ қилишларида лутфу иноят кўрсатиб турди. Бу – инсониятнинг камолга етганлиги аломати эди. Аллоҳ таоло инсониятга муваққат эмас, доимий ва баркамол шариатни ато қилишни бошлаган эди.
Инсоният тарихидаги бу улкан ҳодисани таърифлашга сўз ожиз. Кўпчилик қўлидан келганича бу ишни қилишга уриниб кўрган. Ана ўша уринишлардан бир мисол келтирамиз.
Аллома Исмоил ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ўз тафсирларида бу ҳақда қуйидагиларни ёзадилар: «Қуръондан нозил бўлган аввалги нарса ушбу муборак оятлардир. Улар Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига кўрсатган биринчи раҳматидир. Уларда инсонни халқ қилиш «алақ»дан бўлганига ишора бордир. Инсонга у билмаган нарсани ўргатиш У Зотнинг карамидан эканига ишора бордир. Аллоҳ таоло уни илм ила шарафлади ва улуғлади. Бу эса Одамни фаришталардан устун қилган нарсадир».
Ҳа, мана шу оятларда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму маърифат воситаси, рамзи бўлиб келган. Бундан ўн тўрт аср аввал бу ҳақиқатни ҳеч ким билмаган ҳам. Лекин Қуръон илоҳий Китоб бўлганидан, бунинг хабарини ўзининг биринчи оятларидаёқ берди.
Ундан сўнг келаси оятларда инсон табиатининг баъзи хусусиятлари баён қилинади. Жумладан, агар у бой бўлиб, мол-мулкка эга бўлса, туғёнга кетади. Ҳаддидан ошади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!