Ассалому алайкум! Мен давлат ташкилотида ишлайман, идорамизга жуда кўп одамлар иши билан келиб кетишади баъзилари қалбаки ҳужжат қилиб беришни сўрашади, Аллоҳдан қўрққаним учун уларга қатийй йўқ деб айтаман, аммо бир ҳам касбим бор, қонунга зид бўлсада, "Аллоҳ" дан яширолмайди, қолган ҳаммадан яшириб қилиб беради, кейин мен қайтарган одамлар менга айтишади сен бўлмайди дегандинг у қилиб берди деб. Бу ишларини баъзиси одамлар фойдасига баъзиси зарарига ишлашини билсада улардан пул олиб қилиб беради. Ўзим кўрмадим қилганини ёки пул олганини, эшитганман баъзилар олиб келсам кўрасанми йўқ деган ишингни бўлганини деганлар ҳам бор. Саволим шуки? Бу ҳолатга индамасам қиёматда мен унга шерик бўлган ҳисобланаманми, ёки уни керакли жойга айтсам чақимчилик қилган бўлмайманми, чунки оилада 2 та ногирон укаси бор, ёлг‘из боқувчи ўзи. Вақтингизни олганим учун узр сўрайман, жавобингиз учун катта рахмат. Куч ва қудрат фақат "Аллоҳ"никидир
– Ва алайкум ассалом! Аввал ўзига айтиб огоҳлантиринг бу ишларини тўхтатсин. Агар хулоса қилмаса тегишли жойга айишингиз мумкин.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيمَانِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: «Мункар иш» деганда дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон иш тушунилади. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мўмин киши мункар ишни кўрганида уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин, холос:
1. «Мункар ишни қўли билан қайтариш».
Бу «куч ишлатиб» деган маънони билдиради. Яъни бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна мункарни қайтаришдан олдин ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс аралашса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.
2. Мункар ишни тили билан қайтариш.
Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдагина жорий бўлади. У вақтда мўмин-мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.
3. Мункар ишни дили билан қайтариш.
Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартиришим керак эди, аммо қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартиришим керак эди. Аммо буни ҳам қила олмадим. Энди дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилади. Бу эса энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди. Иймони кучли мўминлар эса ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мункар ишларга нисбатан муросасиз бўлиш.
2. Имкони бўлса, мункар ишни қўл билан қайтариш, ўзгартириш.
3. Қўл билан қайтаришнинг имкони бўлмаганда мункар ишни тил билан қайтариш.
4. Қўл билан ҳам, тил билан ҳам қайтаришнинг имкони бўлмаганда дил билан қайтариш.
5. Мункар ишни дил билан қайтариш энг заиф иймон эканлигини англаш.
Бу ҳадиснинг ҳикматлари ва инсониятнинг мазкур ҳикматларга эҳтиёжи ҳақида қанча гапирсак, шунча оз. Чунки, ёмонни ёмонлик қилишдан қайтармаслик ҳар қандай жамиятни, бора-бора бутун инсониятни ҳалокатга олиб бориши турган гап. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!