Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Пайғамбаримизга фарз қолганларга суннат намози

17:27 / 24.06.2021 | Abdulbosit | 1621

Ассалому алайкум! Бир киши менга савол берди. Тўғриси олдин эшитмаган эдим. Шунинг учун сизлардан сўрамоқчиман. Савол: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга фарз, умматларига суннат бўлган намоз қайси? Шу хақда қандайдир хадис борми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Таҳажжуд намози. Аллоҳ таоло "Муззаммил" сурасида марҳамат қилади:  

 إِنَّ رَبَّكَ يَعْلَمُ أَنَّكَ تَقُومُ أَدْنَى مِن ثُلُثَيِ اللَّيْلِ وَنِصْفَهُ وَثُلُثَهُ وَطَائِفَةٌ مِّنَ الَّذِينَ مَعَكَ وَاللَّهُ يُقَدِّرُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ عَلِمَ أَن لَّن تُحْصُوهُ فَتَابَ عَلَيْكُمْ فَاقْرَؤُوا مَا تَيَسَّرَ مِنَ الْقُرْآنِ عَلِمَ أَن سَيَكُونُ مِنكُم مَّرْضَى وَآخَرُونَ يَضْرِبُونَ فِي الْأَرْضِ يَبْتَغُونَ مِن فَضْلِ اللَّهِ وَآخَرُونَ يُقَاتِلُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَاقْرَؤُوا مَا تَيَسَّرَ مِنْهُ وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا وَمَا تُقَدِّمُوا لِأَنفُسِكُم مِّنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِندَ اللَّهِ هُوَ خَيْرًا وَأَعْظَمَ أَجْرًا وَاسْتَغْفِرُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝ 

20. Албатта, Роббинг кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизларнинг буни ҳеч уддалай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар.
Бу оят билан Аллоҳ таоло суранинг аввалидаги оятларга биноан фарз қилинган кечаси қоим бўлишни бекор қилди. Шундан сўнг кечада фарз намозлардан ташқари ибодат қилиш ихтиёрийга айланди. Оятда нима учун аввалги буйруқ бекор қилинганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Ушбу ояти кариманинг бошида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига кечанинг маълум қисмини бедор бўлиб, ибодат ила ўтказиш фарз қилингани очиқ-ойдин айтиб ўтилмоқда.
«Албатта, Роббинг кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) биладир».
Уларга кечанинг учдан биридан оз, ярмидан кўп бўлмаган қисмини бедор бўлиб ўтказиш амр қилинган эди. Кечаси зикр, намоз, Қуръон тиловати каби турли ибодатлар ила қоим бўлиш мўмин-мусулмон кишининг танасини бақувват, руҳини пок қилади. Уларни турли машаққатларни осонлик билан кўтаришга ўргатади, айшу ишрат, ҳойи-ҳавасга берилишдан сақлайди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз динига хизмат қилишлари кутилаётган зотларни алоҳида руҳий, маънавий ва жисмоний тарбия қилиш учун ушбу услубни қўллаган эди.
«Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизларнинг буни ҳеч уддалай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар».
Яъни олдин сизларни чиниқтириш учун кечаси намоз ўқишни фарз қилган эди. Энди эса У Зот бу ишга ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, сизларга енгилликни қайтарди. Энди туннинг маълум қисмини бедорлик-ла, ибодат қилиб ўтказиш фарз бўлмай қолди. Ушбу оят нозил бўлгандан бошлаб, бу иш ихтиёрий бўлди. Бас, энди Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар.
Оятнинг давомида эса туннинг маълум қисмини бедор ўтказиш ҳукмини фарздан тушириб, ихтиёрийга келтиришнинг сабабларидан учтаси: беморлик, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш ва ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтариш зикр қилинади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat