- Ҳа, қилаётган амаллари ва гапларига қараб кимлиги ажратилади. Банданинг бундан бошқа иложи ҳам йўқ. Шариатда инсоннинг зоҳирига қараб ҳукм чиқарилади.- Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни: «Албатта, ушбу байроқни Аллоҳ унинг қўли ила фатҳ қиладиган, Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган ва Аллоҳ ҳамда Унинг Расули уни яхши кўрадиган кишига берурман», дедилар.Одамлар кечаси билан унинг кимга берилиши ҳақида гаплашиб чиқдилар. Тонг оттирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Ҳаммалари унинг ўзига берилишини орзу қилар эдилар. Бас, у зот: «Али ибн Абу Толиб қани?» дедилар.«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг икки кўзидан шикояти бор», дейишди.«Унга одам юборинглар», дедилар у зот.У келтирилди. У зот унинг икки кўзига туфладилар ва ҳаққига дуо қилдилар. Худди хаста бўлмагандек бўлиб тузалди. Бас, у зот унга байроқни бердилар.«Эй Аллоҳнинг Расули, уларга қарши то биз каби бўлгунларича уруш қиламанми?!» деди.«Уларнинг майдонига боргунингча шошилма. Сўнгра уларни Исломга чақир. Уларга вожиб бўлмиш Аллоҳнинг ҳақлари тўғрисида хабар бер. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи сен учун қизил туялардан (энг афзал неъматлардан) кўра яхшироқдир», дедилар».Икки шайх ривоят қилган.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбар куни Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи сен учун қизил туялардан (энг афзал неъматлардан) кўра яхшироқдир», деган сўзлари сизнинг саволингиз жавобидир.