Ассалому алайкум! Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз намоз ўқиётган пайтда уйқуси келиб мудроқ босса, токи уйқуси кетгунича ором олсин. Чунки мудроқлик пайтида намоз ўқиса, истиғфор айтяптими, (дуоибад қилиб) ўзини сўкяптими, билмайди», дедилар. Намозда ором олиш қандай бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Ҳадис ва унинг шарҳи қуйидагича:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا نَعَسَ أَحَدُكُمْ فِي الصَّلَاةِ فَلْيَرْقُدْ حَتَّى يَذْهَبَ عَنْهُ النَّوْمُ، فَإِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا صَلَّى وَهُوَ نَاعِسٌ لَعَلَّهُ يَذْهَبُ يَسْتَغْفِرُ فَيَسُبُّ نَفْسَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз намозда мудраб қолса, то уйқу ундан кетгунча ухлаб олсин. Бас, бирортангиз мудраган ҳолида намоз ўқиса, истиғфор айтаман деб, ўзини сўкиб юбориши мумкин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф мудроқ босиб турган одам намоз ўқиши макруҳлигига далилдир.
Мудроқ босиб, уйқуси келган одам учун энг маъқул иш уйқудир. Ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, намоз ўқувчи гуноҳининг кечирилишини сўрайман, деб, уйқусираб, ўзини сўкиб, дуоибад қилиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам эҳтиёт бўлиш керак. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
Ухлаб олсин деган иборада уламолар бир неча қавлга бўлиниб ихтилоф қилганлар. Намозни тўхтатиб дам олиб кейин ўқисин дейилгани энг эҳтиётга яқини бўлса керак. Валлоҳу аълам!