Ассалому алайкум. Бўлажак келинга ажратилган тилладан закот бериладми?
– Ва алайкум ассалом! Агар ажратилган тилла ота ёки онасининг мулкида бўлса, улардан тақиб фойдаланилса, ота ёки онанинг умумий мулкларига қўшиб ҳисобланади. Нисобга етса закот берилади. Агар тақилмайдиган бўлса, закоти берилмайди. Агар келиннинг ўзига мулк қилиб ажратиб берилган бўлса, келиннинг мулкига қўшиб ҳисобланади. Нисобга етган бўлса, закотини берилади, етмаган бўлса берилмайди.
Савол: Аёл киши ота-онаси томонидан берилган сеп-сидирғилар билан бой ҳисобланадими?
Жавоб: Ҳозирги кунда келинга бериладиган сеп-сидирғиларни ҳожати аслиядан деб ҳукм қилиш мушкул ишдир. Сепларни ичида кундалик истеъмол қилинадиган жиҳозлар ҳожати аслияга киради. Аммо, кўз-кўз қилиш, одамлар: “Фалончи шунча нарса қилибди” дейишлари учун қилинган сеп-сидирғилар ҳожати аслийдан ортиқча ҳисобланади. Агар буларни қиймати нисобга етса, закот олиш ҳаром бўлади ва уларнинг зиммаларига қурбонлик ва садақаи фитр вожиб бўлади.
هَلْ تَصِيرُ غَنِيَّةً بِالْجِهَازِ الَّذِي تُزَفُّ بِهِ إلَى بَيْتِ زَوْجِهَا؟ وَاَلَّذِي يَظْهَرُ مِمَّا مَرَّ أَنَّ مَا كَانَ مِنْ أَثَاثِ الْمَنْزِلِ وَثِيَابِ الْبَدَنِ وَأَوَانِي الِاسْتِعْمَالِ مِمَّا لَا بُدَّ لِأَمْثَالِهَا مِنْهُ فَهُوَ مِنْ الْحَاجَةِ الْأَصْلِيَّةِ وَمَا زَادَ عَلَى ذَلِكَ مِنْ الْحُلِيِّ وَالْأَوَانِي وَالْأَمْتِعَةِ الَّتِي يُقْصَدُ بِهَا الزِّينَةُ إذَا بَلَغَ نِصَابًا تَصِيرُ بِهِ غَنِيَّةً.
“Аёл эриникига келин қилиб тушириб олинган жиҳозлар билан бойга олинадими? Ўтган нарсалардан зоҳир бўлган нарса шуки, зарур бўлган уй жиҳозлари, кийимлар, ишлатиладиган идиш-товоқлар ҳожати аслийга киради. Унга қўшимча бўлган тақинчоқлар, зийнат мақсадида териб қўйиладиган идишлар, буюмлар нисобга етса, аёл у билан бойга айланади” (Роддул муҳтор). Валлоҳу аълам!