Ассалому алайкум! Бир жойда эшитдим қабристондаги мармарларга ёзилган ёзувни ўқиманглар касал ортирасиз дейишди. Кейин қабрни олдига бориш шарт эмас, биринчи учраган ўриндиққа ўтириб дуо қилиб кетса хам бўлади дейишди. Бу гаплар қанчалик рост?
– Ва алайкум ассалом! Бази китобларда зеҳнни пасайтириши мумкин деб келган. Шариатимизда ҳар бир ишнинг таълимоти бўлгани каби, қабристон зиёрати ва ўтганларни дуо қилиш тўғрисида ҳам мукаммал қўрсатмалар бор.
ҚАБРЛАР ЗИЁРАТИ ВА УЛАРНИНГ АҲЛИГА
ДУО ҚИЛИШ
عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَدْ كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَقَدْ أُذِنَ لِمُحَمَّدٍ فِي زِيَارَةِ قَبْرِ أُمِّهِ فَزُورُوهَا فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ اْلآخِرَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ وَاللَّفْظُ لِلتِّرْمِذِيِّ.
Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у (қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.
Шарҳ: Жоҳилият даврида қабрларни улуғлаш, уларга сиғиниш авж олган эди. Аллоҳга ширк келтиришнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган энг асосий омиллардан бири ҳам айнан қабрларга сиғиниш бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг дастлабки даврида мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдилар.
Тавҳид ақидаси кишилар онги ва қалбида мустаҳкам жойлашиб бўлгандан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишга изн бердилар. Нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишнинг ҳикматларидан асосийсини эслатиб ўтмоқдалар. У ҳам бўлса, охиратни эслашдир. Охиратни эслаган одам эса, дунёни қўйиб, охират ҳаракатини кўпроқ қилади.
Шунингдек, зиёратчининг дуосидан қабрда ётганлар ҳам фойда топадилар.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَتَانِي جِبْرِيلُ فَقَالَ: إِنَّ رَبَّكَ يَأْمُرُكَ أَنْ تَأْتِيَ أَهْلَ الْبَقِيعِ فَتَسْتَغْفِرَ لَهُمْ قَالَتْ: قُلْتُ كَيْفَ أَقُولُ لَهُمْ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ: قُولِي السَّلاَمُ عَلَى أَهْلِ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ وَيَرْحَمُ اللهُ الْمُسْتَقْدِمِينَ مِنَّا وَالْمُسْتَأْخِرِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَلاَحِقُونَ. وَفِي رِوَايَةِ السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ لَلاَحِقُونَ أَسْأَلُ اللهَ لَنَا وَلَكُمُ الْعَافِيَةَ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга Жаброил келиб:
«Роббинг сени аҳли Бақийъга келиб истиғфор айтишингга амр қиладир», деб айтди», дедилар.
Оиша розияллоҳу анҳо:
«Уларга нима дейман, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.
«Ассалому ала аҳли диярим минал мўминийн вал муслимийн ва ярҳамуллоҳу ал-мустақдимийна минна вал мустаъхирийн. Ва инна иншааллоҳу бикум лалаҳиқун», деб айт», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Ассалому алайкум аҳлид диярим минал мўминийна вал муслимийн. Ва инна иншааллоҳу бикум лалаҳиқун. Асъалуллоҳа лана ва лакумул афията», дейилган.
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бақийъ аҳли Мадина қабристони бўлиб ким вафот этса ўша ерга кўмилган ва кўмилмоқда.
Демак, Бақийъга бориб зиёрат қилиб, у ердагиларнинг гуноҳини кечиришни сўрашни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг ўзи амр қилган.
Оиша онамиз қабристонга борганда у ерда ётганларга нима дейишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганлар.
Ўша саломнинг маъноси:
«Мўминлар ва муслимлардан бўлган диёр аҳлига салом. Аллоҳ биздан ўтганларни ва қолганларни раҳм қилсин. Албатта, биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз».
Иккинчи ривоятда:
«Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўрайман» жумласи зиёда қилинган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَتَى الْمَقْبُرَةَ فَقَالَ: السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ دَارَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لاَحِقُونَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарага келдилар ва:
«Ассалому алайкум дора қавмим мўминийн. Ва инна иншааллоҳу бикум лаҳиқун», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу салом сийғасини ёдлаб олиб қабр зиёрати вақтида айтиш керак. Маъноси аввалги саломнинг маъносига яқин. ҳар биримиз ушбу муборак дуоларнинг маъносини англаб, ёд олишимиз ва вақтида ўқиб юришимиз лозим.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَرَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِقُبُورِ الْمَدِينَةِ فَأَقْبَلَ عَلَيْهِمْ بِوَجْهِهِ فَقَالَ: السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ يَا أَهْلَ الْقُبُورِ يَغْفِرُ اللهُ لَنَا وَلَكُمْ أَنْتُمْ سَلَفُنَا وَنَحْنُ بِاْلأَثَرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина қабрлари ёнидан ўтдилар. Уларга юзлари билан боқиб:
«Ассалому алайкум йа аҳлал қубур, яғфируллоҳу лана ва лакум антум салафуна ва наҳну бил асар», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Маъноси: «Ассалому алайкум, эй аҳли қабрлар. Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам мағфират қилсин. Сиз ўтганларимизсиз, биз изингиздан».
وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَعَنَ الله زَائِرَاتِ الْقُبُورِ وَالْمُتَّخِذِينَ عَلَيْهَا الْمَسَاجِدَ وَالسُّرُجَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни ва қабрлар устига масжид қуриб, чироқ ёқувчиларни лаънат қилсин», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда.
Уламоларимиз қабр зиёратига бориб, дод солиб йиғлаган, сабрсизлик қилган ва ношаръий хатти-ҳаракатлар қилган аёлларга лаънат айтиш хосдир, дейдилар.
Мазкур нарсаларни қилмай, ўзини шариат кўрсатмалари асосида тутган аёллар учун эса, қабрларни зиёрат қилиш жумҳур уламолар гапи бўйича макруҳ, ҳанафий мазҳаби бўйича жоиздир.
Уламоларимиз жума, шанба, душанба ёки пайшанба кунлари қабрлар зиёрат қилингани маъқул, дейдилар. Дуо-фотиҳа тик туриб қилинади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.
Ёсин, Фотиҳа, Таборак, Такосур сураларини ҳамда Ихлос сурасини уч ёки етти ёки ўн бир марта ўқиш мустаҳаб.
Аҳли сунна ва жамоа уламолари эътиқоди бўйича маййит дунёда қолган аҳли ва ёр-биродарларининг ҳол-аҳволини билиб туради, унга уларнинг ҳоли кўрсатилади. Маййит уларни кўради. Яхши нарсаларидан хурсанд, ёмон нарсаларидан хафа бўлади. Бу ҳақида кўплаб ҳужжат, далиллар, ҳадислар келган.
Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Ибн ҳиббон ва Имом ҳокимлар Маъқил ибн Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Ўликларингизга «Ёсин»ни қироат қилинглар», дейилган. Бу ҳадиси шарифнинг матни ва шарҳи юқорида ўтди.
Имом Дора Қутний ривоят қилган ҳадисда эса, ким қабрлар олдидан ўтса ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиса, сўнгра савобини ўликларга бағишласа, унга ўликларнинг ададича савоб берилади», дейилган.
Жумҳур уламолари маййитнинг ҳаққига Қуръон қироатидан кейин дуо қилган афзал, чунки қироатдан кейин дуо қабул бўлиши ваъда қилинган, маййитга дуо манфаат бериши ҳақида ҳеч кимда шубҳа йўқ, дейдилар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).
Қабрни зиёрат қилувчи киши орқасини қиблага, ўзини эса зиёрат қиляпган қабрига қилиб ўтириши зиёрат одобларидан ҳисобланади. Валлоҳу аълам!