Ассалому алайкум! 1). Соғлом киши, яни қиём, руку, сажда каби намоз рукнларини тўлиқ бажара оладиган киши шу рукнларни тўлалигича бажара олмайдиган имомга иқтидо қилса бўладими? Кеча бобомни уйларида меҳмончиликда эдик, бобомнинг акалари ёшликларидан тақволи инсонлар у киши шом билан хуфтон намозига имомлик қилдилар аммо қарилик туфайли( ёшлари тахминан 80 дан ошган ) намозни стулда ўтириб, рукуда сал эгилиб, саждада рукудагидан кўпроқ эгилиб намозни адо қилдилар. Бизнинг иқтидойимиз дуруст бўлганми? 2) Бир хонада сингиларим билан намоз ўқиётган бўлсак( ҳамма алоҳида), сингиларим мандан орқароқда ўқишлари шарт эмасми?
– Ва алайкум ассалом! 1). Сиз айтган ҳолатда бобонгизнинг имомликлари жоиз бўлмайди. Ўтириб намоз ўқийдиган киши тик туриб ўқийдиганларга имом бўлиши жоиз. Лекин бунда имом рукуъ ва саждага қодир бўлиши керак.
“Кифоя” китобида қуйидагича келади:
Тик турган ўтирганга иқтидо қилиши жоизлиги, ўтириб имом бўлган рукуъ ва саждага қодир бўлиши шарти биландир. Бунинг ҳужжати қуйидаги ривоятдир:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ، فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا، وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا، وَإِذَا قَالَ سَمِعَ اللهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ، وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا، وَإِذَا صَلَّى جَالِسًا فَصَلُّوا جُلُوسًا أَجْمَعُونَ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
وَلَفْظُ أَبُو دَاوُدَ إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ، فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا وَلَا تُكَبِّرُوا حَتَّى يُكَبِّرَ، وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا وَلَا تَرْكَعُوا حَتَّى يَرْكَعَ، وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا وَلَا تَسْجُدُوا حَتَّى يَسْجُدَ
قَالَ الْحُمَيْدِيُّ قَوْلُهُ إِذَا صَلَّى جَالِسًا فَصَلُّوا جُلُوسًا هُوَ فِي مَرَضِهِ الْقَدِيمِ، ثُمَّ صَلَّى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعْدَ ذَلِكَ جَالِسًا وَالنَّاسُ خَلْفَهُ قِيَامًا، لَمْ يَأْمُرْهُمْ بِالْقُعُودِ، وَإِنَّمَا يُؤْخَذُ بِالْآخِرِ، فَالْآخِرِ مِنْ فِعْلِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Имом унга эргашилиши учунгина қўйилгандир. Такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Рукуъ қилса, сизлар ҳам рукуъ қилинглар. «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деса, «Аллоҳумма Роббанаа ва лакал ҳамд», денглар. Сажда қилса, сажда қилинглар. Ўтириб намоз ўқиса, барчангиз ўтириб намоз ўқинг», дедилар».
Абу Довуд келтирган лафзда:
«Имом фақат унга эргашилиши учун қўйилгандир. Такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. У такбир айтмагунча сизлар такбир айтманглар. Рукуъ қилса, сизлар ҳам рукуъ қилинглар. У рукуъ қилмагунча сизлар рукуъ қилманглар. Сажда қилса, сизлар ҳам сажда қилинглар. У сажда қилмагунча сизлар сажда қилманглар», дейилган.
Ҳумайдий айтади:
«Ўтириб намоз ўқиса, барчангиз ўтириб намоз ўқинг», деган сўзлари у зотнинг илгариги бетобликларида бўлган. Бундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўтириб намоз ўқидилар, одамлар эса ортларида тик туришди. У зот уларни ўтиришга буюрмадилар. Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларидан энг охиргиси олинади».
Бухорий ривоят қилган.
Биринчи ривоятдаги «Ўтириб намоз ўқиса, барчангиз ўтириб намоз ўқинг», дейилган гап ҳақида бир оз тушунтириш бериш лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни отдан йиқилиб тушиб, ўнг ёнбошлари жароҳатланганда, у зотни кўргани келган саҳобаи киромларга ўтириб имомлик қилаётиб айтганлар.
Лекин ҳозирда ўтириб имомлик қилган кишига ўтириб иқтидо қилинмайди. Агар имом ўтириб имомлик қилса ҳам, қавм тик туриб иқтидо қилади, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдинги беморликларида ўтириб имомлик қилганларида саҳобаи киромлар тик туриб иқтидо қилганлар.
Умуман, Ислом шариатида бир масалада икки хил кўрсатма келган бўлса, иккисидан охиргисига амал қилинади. Биринчиси мансух, иккинчиси носих бўлади.
Ушбу усулий қоидани имом Бухорийнинг шайхлари Ҳумайдий иккинчи ривоятда баён қилиб бермоқдалар.
Шунинг учун жумҳур уламолари: «Ўтириб намоз ўқийдиган имомга тик туриб иқтидо қилинади. Иқтидо қилувчи тик туришга қодир бўла туриб, имомига эргашаман деб, ўтириб намоз ўқиши жоиз эмас», дейдилар.
Имо қилувчи имо қилувчига иқтидо қилиши жоизлиги икковларининг ҳоли бир хил бўлган ҳолат учундир. Аммо имом ёнбошлаб, муқтадий ўтириб, имо билан намоз ўқиши жоиз эмас.
2). Алоҳида намоз ўқиганда аёл киши эркак кишидан орқароқда туриши шарт эмас. Аммо эркак аёл кишига имом бўлиб ўқиётган бўлса, ёнида туриб ўқиш жоиз эмас. Кифоя китобида шундай дейилади:
Такбири таҳрима ва адода икковлари шерик бўлган мутлақ намозда аёл киши (сафда) эркакка тенглашиб қолса ва у (эркак) аёлга имомликни ният қилган бўлса, эркакнинг намози фосид бўлади (бузилади).
Чунки эркак олдинга ўтиш ҳақидаги амрни бажармади.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ صَلَّى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي بَيْتِ أُمِّ سُلَيْمٍ، فَقُمْتُ وَيَتِيمٌ خَلْفَهُ، وَأُمُّ سُلَيْمٍ خَلْفَنَا رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймнинг уйида намоз ўқидилар. Мен ва бир етим бола у зотнинг орқаларида турдик. Умму Сулайм эса бизнинг орқамизда турди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Агар аёл киши эркак киши билан бир сафда турганда намоз бузилмаганида, ёлғиз киши бир ўзи саф тортиши мумкин бўлмагани учун, Умму Сулаймнинг бир ўзи сафда туришига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бермаган бўлар эдилар.
Бўлмаса, аёлнинг намози (бузилади).
Чунки аёлнинг иқтидоси тўғри бўлмади. Валлоҳу аълам!