Ассалому алайкум! Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Сизлардан бирингиз намоз ўқиётган пайтда уйқуси келиб мудроқ босса, токи уйқуси кетгунича ором олсин. Чунки мудроқлик пайтида намоз ўқиса, истиғфор айтяптими, (дуоибад қилиб) ўзини сўкяптими, билмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Шу ҳадисда мурод нафл номозларими? Ёки фарз номозларида ҳам мудраб турган одам бироз уҳлаб олиши керакми?
– Ва алайкум ассалом! Бу асосан нафл намозларига. Агар вақти бемалол бўлса, вақтини риоя қилган ҳолда фарзлар ҳам. Вақти чиқиб кетадиган даражада ухламаслик керак.
وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا نَعَسَ أَحَدُكُمْ فِي الصَّلاَةِ فَلْيَرْقُدْ حَتَّى يَذْهَبَ عَنْهُ النَّوْمُ فَإِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا صَلَّى وَهُوَ نَاعِسٌ لَعَلَّهُ يَذْهَبُ يَسْتَغْفِرُ فَيَسُبَّ نَفْسَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз намозда мудраб қолса, то ундан уйқу кетгунча ухлаб олсин. Бас, бирингиз мудраган ҳолида намоз ўқиса, эҳтимолки, истиғфор айтаман, деб ўзини сўкиб юборади», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф мудроқ босиб турган одам намоз ўқиши макруҳлигига далилдир.
Мудроқ босиб, уйқуси келган одам учун энг маъқул иш уйқудир. Ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, намоз ўқигувчи гуноҳини кечирилишини сўрайман деб, уйқусираб ўзини сўкиб дуо қилиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Валлоҳу аълам!