Ассалому алайкум! Биз тарафда Говбант қишлогида эшон бова деган тепаликча бор. Ўша ерга бориб қўй сўйиб пишириб ейишади, ота боболаримиз қилиб келган, биз хам шундай қиламиз дейди. Бизга гўшт берворади, шуни емасдан бирон кишига бериб юборсак бўладими? Назр қилинган қўйни гўштини тарқатиб ўша эшон бовага савобини бағишласа бўладими? 2. Назр қилинган қўйни гўштидан еса нима бўлади? Назр қилинган қўйни гўштини тарқатиб бирон кишига савобини бағишласа бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Жонлиқни эшон ёки бошқа одамларга атаб уларни рози қилиш мақсадида сўйиш мутлақо жоиз эмас. Истеъмоли ҳаром бўлган нарсани сотиш ҳам бировга ҳадя қилиш ҳам жоиз эмас. Аллоҳ таоло "Моида" сурасида марҳамат қилади:
حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالْدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلاَّ مَا ذَكَّيْتُمْ وَمَا ذُبِحَ عَلَى النُّصُبِ وَأَن تَسْتَقْسِمُواْ بِالأَزْلاَمِ ذَلِكُمْ فِسْقٌ
3. Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган, йиртқич еган ҳайвонлар – магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол) – ва бутларга сўйилган ҳайвонлар ҳамда чўплар ила фол очишингиз ҳаром қилинди. Бу фисқдир.
«Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган» ҳайвон гўштининг ҳам ҳаром бўлиши, аввал айтганимиздек, иймон тақозосига тўғри келмаганидандир, яъни уни яратган ва унга жон берган Зотнинг номини қўйиб, бошқанинг номи ила сўйилганидандир.
Бирор киши бирор авлиёуллоҳ қабрига ёки Аллоҳ таолодан ўзгага назр қилиб, ўша назрини бажарса, назр қилинган нарса ҳаром бўлади ва уни истеъмол қилиш бирор кишига жоиз бўлмайди. Ҳа агар назр қилган нарсаси ўз ҳолатида турган бўлса, тавба қилиб уни ортга қайтариб олиши мумкин бўлади. Агар назр қилган нарсаси бирор ҳайвон бўлса ва у ҳали сўйилмаган бўлса, тавба қилиб уни ортга қайтариб олиши мумкин. Агар назр қилган ҳайвонини Аллоҳнинг номи билан, яъни “Бисмиллоҳ Аллоҳу акбар” деб сўйсада, уни ейиш ҳалол бўлмайди. Бу ҳақда Мужаддиду алфи соний ўзларининг учинчи дафтар 41 мактуботларида шундай ёзганлар:
“Улуғларнинг номига аталган ҳайвонни қабр устига олиб бориб сўйиш, фиқҳий ривоятда ширк ишга киргазилган. Ундан сақланишни қаттиқ таъкидланган. Ушбу сўйилғини жинларга атаб сўйилган сўйилғиларнинг жинсидан ҳисобланган ва у шаръан таъқиқланган ва ширкка дохил бўлувчи амаллардандир”;
Бир киши Аллоҳ таолога бирор нарсани назр қилиб, у нарсанинг савобини бирор улуғ шахсга йўллашни қасд қилса ёки ўша жой фақирларига фойда бўлишини қасд қилса, буни ширк ёки ҳаром амал дейилмайди. Лекин, оми халқ бу масала билан юқоридаги масала орасини ажрата олмайдилар. Шунинг учун ушбу кўринишдаги амалдан ҳам сақланиш афзалдир.
Бу ҳақда Мужаддиду алфи соний раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
“Ширкка ўхшаш амаллардан ҳам сақланиш лозимдир. Аллоҳ таолога назр қилишнинг бир неча суратлари бор. Ҳайвонни назр қилишнинг бир неча суратлари бор. Ҳайвон сўйишни назр қилишликка ҳеч қандай зарурат йўқ. Назр қилиб гуноҳ асосида сўйилган жонлиқ жинларга атаб сўйилган жонлиққа ўхшайди ва бу жинпарастларга ўхшашликдир”;
Бир киши фалон ишим битса, фалон валиюуллоҳ қабри олдидаги фақирларга шунча сўм ёки фалондақа ширинлик ёки фалон материал ёки фалонча ғалла бериб, унинг савобини ўша авлиёуллоҳга бағишлайман деб назр қилса ва у кишини ўша иши битса, зикр қилинган фақирларга юқоридаги назр қилинган нарсаларни бериши шарт эмас. Балки, ўша нарсаларни бирор фақирга берса, қилган назрини амалга оширган ҳисобланади ва унинг савоби ўша ният қилган валиюллоҳга боради. Агар у кишининг қалби назр қилинган нарсаларни дуч келган фақирга беришга рози бўлмай, айнан зикр қилинган жойдаги фақирларга бериш керак, агар ундан бошқа жойга берсам қилган назримни адо қилмаган бўламан деб тушунса, у киши аслида Аллоҳ таолога назр қилмаган бўлади. Балки, ўша валиюллоҳга назр қилган бўлади. Аксинча, Аллоҳ таолога назр қилиб, ўша валийга савобини бағишлаш мақсад бўлса ва ушбу назри орқали валийга қурбат ҳосил қилиш бўлмаса, бундай назрни амалга ошириш мумкинлиги ҳақида дин пешволари рухсат берганлар. Шарти шуки, назр қилинган нарсани дуч келган фақирга рози бўлиб бера олсин. Агар бундай қила олмаса, Аллоҳни номи билан назр қилганман деган сўзи нотўғри бўлади. Валлоҳу аълам!