Ассалому алайкум! “Хўроз сўйиб бўлса ҳам уйланинглар” мазмунида хадис мавжудми? Адашмасам, 10 йиллар аввал ўқигандим, энди тополмаяппан.
– Ва алайкум ассалом! Бундай ҳадисни билмаймиз. Аммо хўроз эмас қўй ҳақида келган ҳадис бор.
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا قَدِمَ الْمُهَاجِرُونَ الْمَدِينَةَ آخَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَيْنَ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ وَسَعْدِ بْنِ الرَّبِيعِ، فَقَالَ لِعَبْدِ الرَّحْمَنِ: إِنِّي أَكْثَرُ الْأَنْصَارِ مَالًا فَأَقْسِمُ مَالِي نِصْفَيْنِ بَيْنِي وَبَيْنَكَ، وَلِيَ امْرَأَتَانِ فَانْظُرْ أَعْجَبَهُمَا إِلَيْكَ فَسَمِّهَا لِي أُطَلِّقْهَا، فَإِذَا انْقَضَتْ عِدَّتُهَا فَتَزَوَّجْهَا، قَالَ: بَارَكَ اللهُ لَكَ فِي أَهْلِكَ وَمَالِكَ، أَيْنَ سُوقُكُمْ؟ فَدَلُّوهُ عَلَى سُوقِ بَنِي قَيْنُقَاعَ، فَمَا انْقَلَبَ إِلَّا وَمَعَهُ فَضْلٌ مِنْ أَقِطٍ وَسَمْنٍ، ثُمَّ تَابَعَ الْغُدُوَّ إِلَى السُّوقِ، ثُمَّ جَاءَ يَوْمًا وَبِهِ أَثَرُ صُفْرَةٍ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَهْيَمْ؟ قَالَ: تَزَوَّجْتُ امْرَأَةً مِنَ الْأَنْصَارِ، قَالَ: كَمْ سُقْتَ إِلَيْهَا، قَالَ: وَزْنَ نَوَاةٍ مِنْ ذَهَبٍ، فَقَالَ: أَوْلِمْ وَلَوْ بِشَاةٍ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Муҳожирлар Мадинага келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф ва Саъд ибн Робийъларни биродар қилиб қўйдилар. Бас, у Абдурраҳмонга:
«Мен ансорийлар ичида энг моли кўп одамман. Молимни ўзим билан сенинг орамизда иккига бўламан. Менинг икки хотиним бор. Сен қараб, қай бири сенга ёқса, унинг исмини менга айт. Мен уни талоқ қилай, иддаси чиққандан сўнг сен унга уйлан», деди.
«Аллоҳ сенга аҳлингда ва молингда барака берсин. Бозорингиз қаерда?» деди.
Уни Бану Қайниқоъ бозорига йўлладилар. У ўша ердан қурт ва сариёғ билан қайтди. Кейин бозорга боришни давом эттирди. Сўнгра у бир куни ўзида сариқ рангнинг асари бор ҳолда келди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу нима?» дедилар.
«Ансорийлардан бир аёлга уйландим», деди.
«Унга қанча нарса бердинг?» дедилар.
«Бир данак оғирлигида олтин», деди.
«Бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил», дедилар».
Учовлари ривоят қилганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!