Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сабрми бу?

18:16 / 22.02.2016 | Ra`no | 936

Ассалому алайкум! Инсон моддий масалада фақатгина турмуш ўртоғига нолиса, (фақатгина вазиятни яхшилаш учун) лeкин яхши ёмон кунида eлкама-eлка синовларни eнгишга ёрдам бeрса, бу сабр қилмасликка кирмайдими? Аввалдан раҳмат.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Ваалайкум ассалом! Эрни яхши ишларга тарғиб қилиш, ўйланиб қолган жойларида маслаҳат бериш, доим фақат ҳалолдан топишга ундаш аёл кишининг вазифаларидан биридир. Лекин шуни унутмаслик керакки, ризқ Аллоҳ тарафидан бериладиган нарсадир. Банда сабабини қилиб, натижани Аллоҳдан кутилади. Берса ҳам шукур қилиш керак, бермаса ҳам. Бизга нима фойдаю нима зарарлигини Аллоҳ биздан кўра яхши билади. Эр қўлдан келганича сабабини қилар экан, натижа борасида эрни ташвишга қўймаслик керак. Солиҳа аёл оила ишларининг барчасида эрига ёрдамчи бўлиши, унинг хизматини қилиши, унинг молини, обрўсини ва болаларини муҳофаза қилиши лозим. Ҳаётнинг иссиқ-совуқларида эрига ҳамдард ва ёрдамчи бўлиши матлубдир.

عَنْ عَلِيٍّ  رضي الله عنه: أَنَّ فَاطِمَةَ عَلَيْهِمَا السَّلَامُ أَتَتِ النَّبِيَّ  صلي الله عليه و سلم تَشْكُو إِلَيْهِ مَا تَلْقَى فِي يَدِهَا مِنَ الرَّحَى، وَبَلَغَهَا أَنَّهُ جَاءَهُ رَقِيقٌ فَلَمْ تُصَادِفْهُ، فَذَكَرَتْ ذَلِكَ لِعَائِشَةَ، فَلَمَّا جَاءَ أَخْبَرَتْهُ قَالَ: فَجَاءَنَا وَقَدْ أَخَذْنَا مَضَاجِعَنَا، فَذَهَبْنَا نَقُومُ، فَقَالَ: عَلَى مَكَانِكُمَا، فَقَعَدَ بَيْنِي وَبَيْنَهَا حَتَّى وَجَدْتُ بَرْدَ قَدَمِهِ عَلَى بَطْنِي، فَقَالَ: أَلَا أَدُلُّكُمَا عَلَى خَيْرٍ مِمَّا سَأَلْتُمَا، إِذَا أَخَذْتُمَا مَضَاجِعَكُمَا فَسَبِّحَا ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَاحْمَدَا ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَكَبِّرَا أَرْبَعًا وَثَلَاثِينَ، فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمَا مِنْ خَادِمٍ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Фотима алайҳассалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, қўлига қўл тегирмонидан етадиган қийинчиликдан шикоят қилди. Унга у зот ҳузурига қуллар келганлиги ҳақида хабар етган эди. Бас, унга улардан бирортаси тегмади. У буни Оишага зикр қилди. У зот келганларида Оиша бу хабарни етказди. Биз уйқуга ёнбошлаганимизда у зот олдимизга келдилар. Ўрнимиздан тура бошлаган эдик:
«Ўрнингиздан қимирламанг», дедилар-да, мен билан у(Фотима)нинг орасига ўтирдилар. Ҳаттоки қорнимда оёқларининг совуғини ҳис этдим.
Шунда у зот: «Сизларни сўраган нарсангиздан кўра яхшироқ нарсага далолат қилайми? Қачон ёнбошларингизни олсангиз, ўттиз уч марта тасбеҳ айтинг, ўттиз уч марта ҳамд айтинг ва ўттиз тўрт марта такбир айтинг. Ана ўша сизлар учун ходимдан кўра яхшироқдир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилдилар.
Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо ким эканликлари сир эмас. У зот Набийимиз алайҳиссаломнинг жигаргўшалари, бутун оламлар аёлларининг саййидаси, Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг жуфти ҳалоллари. У киши ўз уйларидаги хизматларни ўзлари қилар эдилар.
Бошқа ривоятларда келганидек, уй супуриб кийимлари чанг бўлган, сув ташиб бўйинларига мешкобнинг ипи ботган, қозонга ўт ёқиб вужудларини тутун босган, қўл тегирмонда ун тортиб қўллари қаварган эди. Уй ишлари машаққатидан қийналиб кетган Фотима розияллоҳу анҳо бир куни оталари Набийимиз алайҳиссаломга қуллар келгани, уларни кишиларга хизматчи қилиб бўлиб бераётганларини эшитиб қолдилар.
Бошқалар хизматчи тутганда, бизда ҳам хизматчи бўлса нима қилибди, деган фикр билан оталарининг ҳузурларига тегирмон тортавериб қўллари қавариб кетганидан шикоят қилгани бордилар. У зот уйда йўқ эканлар, шикоятларини Оиша онамизга айтаётиб, Набийимиз алайҳиссаломга қуллар келганлигини эшитганларини ҳам эслатиб қўйдилар. Сўнгра яна уй хизмати билан машғул бўлиш учун ортларига қайтдилар.
Набий алайҳиссаллам уйга қайтиб келганларида Оиша онамиз бўлиб ўтган гап у зотга етказдилар. У зот кеч бўлишига қарамай, қизларининг уйи томон йўл олдилар. Кеч бўлиб қолгани учун икковлари жойларини солиб, ётиб олишган эди.
Улар Набий алайҳиссаломнинг келганларини билиб, ўринларидан тура бошлаган эдилар, у зот қўймадилар. «Жойингизда ётаверинг», деб, ораларига келиб ўтирдилар ва бирдан мақсадга ўтдилар:
«Сизларга икковингиз сўраган ходимдан кўра яхшироқ нарсани айтайми? Ҳар кеч ўрнингизга ётганингизда ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ» ва ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар» десангиз, ана ўша сиз учун ходимдан кўра яхшироқ», – дедилар.
Ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб олган баъзи уламоларимиз «Аёл киши уй хизматларини қилиши вожибдир», дейдилар. Бошқа бирлари эса «Эрининг имкони бўлса, хизматчи олиб берса ҳам бўлади», дейдилар.
Имом Бухорий ва имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳилар қилган ривоятда Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмо розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:
«Зубайр менга уйланганида унинг моли ҳам, қули ҳам ёки бирор нарсаси ҳам йўқ эди. Фақатгина минадиган оти ва сув тортиб чиқарадиган ҳайвони бор эди. Мен унинг отига ем берар ва унга керакли бошқа ишларни ҳам қилар эдим. Шунингдек, сув тортадиган ҳайвонига ҳам ем-сув бериб, бошқа ишларни қилар, жумладан, хамир ҳам қорар эдим. Уч фарсахлик масофадан бошимда шох-шабба кўтариб келардим. Абу Бакр менга бир чўри юборди. У отга қарашга кифоя қилди. Мен худди чўриликдан озод бўлгандек бўлдим».
Адолат юзасидан айтишимиз лозимки, бу борада ҳаддидан ошганлар ҳам йўқ эмас. Хотинни чўри ўрнида кўрадиганлар ҳам талайгина. Баъзи қайноналарнинг келинларга қарата: «Менга чўри бўлсанг юрасан, бўлмаса кетасан», деганлари ҳам сир эмас. Албатта, бу даражага етиб бориш мутлақо ножоиздир.
Баъзи ханафий уламолар «Хотин эрининг хизматини қилиши вожиб», ҳам деганлар. Демак, бу масалада аёл ҳам, эркак ҳам ўзи ташаббус кўрсатиши лозим. Бир-бирига ёрдам бериб, ўзаро ҳамкорликда рўзғор тебратишлари керак бўлади.(“Бахтиёр оила” китобидан). Валлоҳу аълам

Топ рейтинг www.uz Openstat