Ассалому алайкум! Бир инсон бошимга жуда кўп азоблар солди. Ҳаддан ташқари кўп қийналдим. Камбағаллигим, ота онамни нуқсонларини юзимга солди, мени жуда кўп ҳақорат қилди. Лекин шуни ҳаммаси онасини розилиги учун эди. Мен жавоб қайтармадим. Аллоҳни синови деб ибодатда давом этдим. Уни Аллоҳга ҳавола қилдим. Лекин у одамни берган азобларини таъсири 1 йил деганда сал пасайди. Энг алам қиладигани унга жинам урмаяпти. Шунча ифлосликлар қилиб кетиб ҳаммадан бахтли яшаяпти. Унгаям қайтар дунё борми ёки онасини розилиги учун мени шунча қийнаган бўсаям бахтлими? Нимага доим шунақа золимлар бахтли яшашади қўли юққа одамлар доим хўрланиб, пастга урилиб қолишоради. Илтимос унгаям бир кун менга берган азоблари қайтадими йўқми шуни айтинг илтимос. Мени бошимга солганларинг бошинга тушмагунча ўлма деганман мазлум пайтимда.
– Ва алайкум ассалом! У одам сабаб сиз мазлум бўлган бўлсангиз уни қарғашдан нима фойда? Сизни дуоси ижобат бўладиган мақомга олиб чиқиб қўйибдику. Бундан унумли фойдаланиб дунё охиратингизни саодатини сўраб дуои хайрлар қилиб қолмайсиз. Мана қаранг, шунча қарғаганингиз билан ҳеч нарса ўзгармаптику. Шунча қарғишни ўрнига ўзингизни охиратингизни сўраганингизда қанча фойда бўлар эди. Бировга зулм қилиб уни бадалини тўлатишни эса Аллоҳ таолога қўйиб беринг. Сарҳисоб қилиб амалига яраша ажрини ёки азобини бериш Унинг иши.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَتَدْرُونَ مَا الْمُفْلِسُ؟ قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لَا دِرْهَمَ لَهُ وَلَا مَتَاعَ، فَقَالَ: إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلَاةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، وَسَفَكَ دَمَ هَذَا، وَضَرَبَ هَذَا، فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касодга учраган кимлигини биласизларми?» дедилар.
«Бизнинг ичимизда касодга учраган дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди.
«Албатта, умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир.
Бунга унинг савобларидан берилур, анавинга ҳам унинг савобларидан берилур. Агар унинг зиммасидаги нарса тамом бўлмасдан аввал савоблари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб, унинг устига ташланур. Сўнгра у дўзахга ташланур», дедилар».
Шарҳ: Тўлиқ маънода касодга учраган одам бу дунёда одамларга ёмонлик қилган киши экан. Ушбу ҳадиси шарифда ўша касодга учраганларнинг энг яхшиси ҳақида сўз кетмоқда. Чунки у қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган бўлади.
Аввал ўша касодга учраган бахтсизнинг савоблари бўлса, уларни олиб, ундан ёмонлик кўрган бечораларга тақсимлаб берилади.
Кейин эса мазкур касодга учраган бахтсизнинг устига бу дунёда унинг ёмонлигидан зарар топган бечораларнинг гуноҳлари юкланади.
Охирида ўша касодга учраган бахтсиз жаҳаннамнинг қаърига улоқтирилади.
Ана, кўрдингизми, бировни сўкиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировнинг молини ейиш, бировнинг қонини тўкиш ва бировни уриш қандай ҳам ёмон иш! Бас, буларга ўхшаган ёмон ишлардан сақланайлик.
وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَتُؤَدَّنَّ الْحُقُوقُ إِلَى أَهْلِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُقَادَ لِلشَّاةِ الْجَلْحَاءِ مِنَ الشَّاةِ الْقَرْنَاءِ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади», дедилар».
Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. Валлоҳу аълам!