Ассалому алайкум! Маълумки, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ транспорт воситаси билан қизил чироқда ўтиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиб, ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган шахс нафақат маъмурий жавобгарликка тортилиши, балки шариат бўйича “Бировни ҳаққини ейиш” билан баробар ҳисобланиши ҳақида ижмо қилинган. Агар, бир шахс амалдаги қонунчилик нормаларида белгиланган тегишли рухсатнома (лицензия) ва ваколатларга эга бўлмагани ҳолда иккинчи шахсга “Сени чет элга кетишинг учун ҳужжатларингни тўғирлаб, виза олиб бераман, хизмат ҳақи “шунча” бўлади”,- деб (ҳозирда шуни касб қилиб олганлар кўпаймоқда) ундан келишилган суммани олганидан сўнг, мазкур иккинчи шахс белгиланган муддатда чет элга чиқиш визасини олиб, четга элга кетган тақдирида ҳам биринчи шахснинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида назарда тутилган фирибгарлик жинояти аломатлари билан баҳоланади, яъни биринчи шахс томонидан жиноят содир қилинган деб эътироф этилади. Бундан ташқари, иккинчи шахс ҳеч қандай рухсатнома (лицензия) олмасдан фаолият юритиши, белгиланган солиқларни ҳам тўламаслигини ҳам келтириб чиқаради. Аммо, бир киши юқоридаги ҳолатда биринчи шахс иккинчи шахсга берган ваъдасини устидан чиқса олган пули ҳалол бўлади деб айтибди. Қонунчилик бўйича жиноий ҳаракатнинг ижтимоий оғирлик даражаси маъмурий ҳуқуқбузарликдан оғирроқ ҳисобланади. Савол шундан иборатки, юқорида “қизил чироқда ўтиш” масаласи маъмурий ҳуқуқбузарлик бўлиб, лекин у шариатда гуноҳ ҳисобланса, иккинчи ҳолатда жиноят аломатлари яққол бўлгани ҳолда иккинчи шахснинг ҳаракатлари шариатда жоиз бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Шариатимизда ҳар қандай фирибгарлик ва алдов жоиз эмас. Бу фирибгарликда жиноят аломатлари бор ёки йўқлигининг аҳамияти йўқ. Валлоҳу аълам!