Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ўлимдан қўрқиш

22:27 / 17.09.2021 | Nilu Bakhadirovna | 1598

Ассалому алайкум! Мен ора орада ўлим хақида ўйлаб қоламан ва қўрқаман амалларим жаннатни берармикин диб, бугун туш кўрибман тушимда мен дўзахка кирётганмишман қўрқиб кетдим бир тушку диб қўйдим. Уйғониб лекин ёдимга тушиб кетябди шу туш. Хар куни тинмай зикрлар айтаман. Ўлим хақида ўйласам қўрқаман хали таёрмасманми диб. Маслахат беринг нима қилай?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳадиси шарифда туш кўрган киши нима қилиши ва нима дейиши ҳақида шундай дейилган:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا رَأَى أَحَدُكُمْ رُؤْيَا يُحِبُّهَا فَإِنَّمَا هِيَ مِنَ اللهِ فَلْيَحْمَدِ اللهَ عَلَيْهَا وَلْيَتَحَدَّثْ بِهَا، وَإِذَا رَأَى غَيْرَ ذَلِكَ مِمَّا يَكْرَهُ فَإِنَّمَا هِيَ مِنَ الشَّيْطَانِ فَلْيَسْتَعِذْ مِنْ شَرِّهَا وَلَا يَذْكُرْهَا لِأَحَدٍ فَإِنَّهَا لَا تَضُرُّهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз ўзи учун яхши  туш кўрса, шубҳасиз у Аллоҳдандир. Бас, у Аллоҳга ҳамд айтсин ва уни (тушни) бировларга айтсин. Қачон бошқача, ёқмайдиган туш кўрса, шубҳасиз у шайтондандир.  Бас, унинг шарридан паноҳ тиласин ва уни (тушни) зикр қилмасин. Шундоқ қилса, унга зарар келтирмайди», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда тушлар икки хилга– яхши тушга ва ёқмайдиган тушга бўлиниши таъкидланмоқда.
Биринчи хили–яхши туш.
Туш таъбири борасидаги мусулмон билимдонларнинг фикрларига кўра, одам тушида ибодат қилаётганини кўрса, энг яхши туш кўрган бўлади. Намоз ўқиш, рўза тутиш, таҳорат қилиш ва шунга ўхшаш ибодатларни тушида кўрган одам аввало Аллоҳ таолога шукрлар айтиб, кейин уни бошқаларга, хусусан, олим кишиларга айтгани яхшидир.
Шунингдек, бировнинг ўлганини кўрса, ибодатга мойиллигига ишора, маҳрамларининг никоҳини кўрса, уларга силаи раҳм қилишига ишора бўлади.
Бунга ўхшаш яхши тушларни кўрган одамларга Пайғамбар алайҳиссалом қуйидаги насиҳатни қилмоқдалар:
«Қачон бирингиз ўзи учун яхши  туш кўрса, шубҳасиз, у Аллоҳдандир. Бас, у Аллоҳга ҳамд айтсин ва уни (тушни) бировларга айтсин».
Мусулмон одам ўзига яхшилик етганда, албатта, Аллоҳ таолога ҳамд айтмоғи лозим. Жумладан, яхши туш кўрганда ҳам. Шу билан бирга, бу яхшиликни бошқаларга айтиш ҳам яхшидир.
Иккинчи хили–ёқмайдиган туш.
Ким тушида ўтга тушганини, баланд жойдан қулаб тушганини ёки бошими, бирор аъзосими, узилганини кўрса, ёмон туш кўрган бўлади.
Бунга ўхшаш тушларни кўрган одамларга Пайғамбар алайҳиссалом қуйидаги насиҳатни қилмоқдалар:
«Қачон бошқача, ёқмайдиган туш кўрса, шуб­ҳа­сиз, у шайтондандир. Бас, унинг шарридан паноҳ тиласин ва уни (тушни) зикр қилмасин. Шундоқ қилса, унга зарар келтирмайди», дедилар».
Ана шундай тушни кўрган одам дарҳол Аллоҳ таолодан паноҳ тилаши ва бу тушни ҳеч кимга айтмаслиги керак бўлади. Шунда кўрган туши унга зарар ишораси бўлмайди. ("Ҳадис ва ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat