Шайх ҳазратлари, мен бир нарсага қизиқишим ва озгина иқдидорим бор. Яъни, меваларга хар хил сабзавотларга гул ўйиб чиқариш, у ҳозирги кунда “карвинг” деб аталади. Баъзида мени “Ўша ерда тайёрлаб берсангиз, хизматингизни берар эдик” деб тўй, хар хил маросимларга олиб кетишади. Ундан ташқари яна гўшт, колбаса, сир шунга ўхшаган нарсаларни ҳам “Закуска тайёрлаб беринг” деб беришади. Уни албатта ичганлар кўпроқ тановул қилишади. Ўзим ичмайман, чекмайман ҳам. Алҳамдуллилаҳ, Аллоҳнинг ибодатида қоимман. Шу йўл билан топган пулим ҳалолми, шу нарса ўйлантириб қўйди. Баъзи бировлардан сўрагандимда “бозорда шим сотадиган ҳам, шимни кийиб зино қилсин деб сотмайди, олган одам қайси йўлга кийиб борса савобию гуноҳи ўзига” дейишди. Сизнинг фикрингизни ҳам билмоқчи эдим. Бу ишимни йиғиштирайми ёки давом эттирсам бўладими?
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Озуқа ва ичимликларда ҳаром иш бўлиши аниқ бўлса, хизмат кўрсатилмайди. Шим билан озиқ овқатни фарқи бор. Бунинг устига сиз у нарсаларни сотаётганингиз йўқ, тановул қилиш учун тайёрламоқдасиз.