Ассалому алайкум! 1. Мисвокнинг қандай одоблари бор? 2. Мисвок қандай сақланди? 3 Мисвок ишлатилганидан сўнг ювилса бўладими? 4. Мисвокни қай вақтда ишлатган афзал?
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ مَعَ كُلِّ وُضُوءٍ. رَوَاهُ مَالِكٌ وَالْبُخَارِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда, уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим», дедилар».
Молик ва Бухорий ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Мисвок қилиш» деб ишлатилаётган истилоҳ биздаги тишни ишқалаб ювиш маъносидадир. Ўша вақтда тиш маълум бир буталарнинг, аниқроғи, арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тозаланган.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олиш мумкин.
Ғарблик олимларнинг таъкидлашларича, дунё тарихида кишиларни тишни тозалаб юришга биринчи бўлиб амр қилган инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Ҳа, Ислом дини ҳали ҳеч ким тиш ювиш нима эканлигини билмасидан аввал мусулмонларнинг тишларини тозалаб юришларини суннати муаккадага айлантириб қўйган эди.
Уламоларимиз «Таҳорат қилган одам мисвок қилмоғи суннати муаккада», деганлар.
Баъзилар бу ишни мустаҳаб, деганлар. Аммо нима бўлса ҳам, уни қилишга ундаганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мисвок қилар эдилар. Вафотлари олдидан ҳам мисвок қилиб турганлари маълум ва машҳур.
Мисвок кўпроқ арок дарахти шохларидан олинганлиги учун олимлар ўша дарахт шохларини кимёвий таҳлил қилиб кўрдилар. Диққат билан олиб борилган кенг кўламдаги илмий ишлардан сўнг ўша дарахтдаги мавжуд моддалар ҳозирги мавжуд тиш маъжунларининг (тиш ювиш воситаларининг) ҳаммасидан кўра тиш ва соғлик учун фойдалироқ экан, деган хулосага келдилар.
Ҳозирга келиб, баъзи ширкатлар арок дарахтидан фойдаланиб, тиш маъжуни (пастаси) ишлаб чиқардилар. Бу ҳам ҳадиси шарифнинг илмий мўъжизаси ҳисобланади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир», дедилар».
Бухорий, Шофеъий ва Насаийлар ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳадисда айтилганидек, мисвок оғизни покловчидир. Оғизни пок тутиш инсон соғлиги учун қанчалик зарур эканлигини ғайримусулмонлар эндигина тушунишди. Таом еган, турли ичимликлар ичган одамнинг оғзида, тишлари орасида қолган чиқиндилар ўз вақтида тозалаб турилмаса, беморлик ва зарарга сабаб бўлиши энди ҳаммага маълум.
Шу билан бирга мисвок:
«Роббни рози қилувчидир».
Яъни, ким мисвок қилса, тозаликка риоя қилганлиги, дин – шариатнинг амрини амалга оширганлиги, мисвок қилиш ибодатини адо этганлиги учун Аллоҳ таоло ундан рози бўлар экан.
Ислом дини афзаллигини қаранг, инсоннинг ўзи учун ўта фойдали ишни, соғлиги учун керакли ва ҳусни-жамоли учун зарур бўлган нарсани бир йўла Аллоҳ таолони рози қиладиган иш қилиб қўйибди. Шариатнинг амрини бажарадиган мусулмонни ҳам соғлик-саломатлигини яхшилаб, ҳам ажру савоб оладиган қилиб қўйибди. Бу ҳолат дунёдаги ҳеч бир тузумда ёки динда йўқ.
Энди бу нарсага ҳаётимизда қандай муносабатда эканлигимизга бир назар солайлик.
Ҳамма мусулмон ҳам ўз вақтида таҳорат қиладими?
Ҳамма таҳорат қилганлар ҳам мисвок қиладиларми?
Қилишса, мисвок оғизни покловчи, Роббни рози қилувчи эканлигини англаган ҳолда қиладиларми?
Афсуски, йўқ.
Мисвокнинг ҳақиқатини, ҳадиси шарифдаги руҳини тўла ва тўғри тушунган ҳолда унга амал қилаётганларимиз жуда оздир.
Баъзиларимиз арокдан ёки бошқа дарахтдан мисвок қилиб, уни ёнимиздан қўймай, олиб ҳам юрамиз. Ҳар таҳоратда мисвок ҳам қиламиз. Мисвок деганда, шунчаки ўша чўпни тишга теккизиб қўйиш, деб тушунамиз. Шунинг учун ҳам ҳар таҳоратда мисвок қилсак ҳам тишларимиз сар¬ғайиб юради. Мисвокимиздан ҳадисда кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди.
Баъзи бирларимиз мисвок қиламиз, қилганда ҳам, яхшилаб, замонавий воситаларни ишга солиб қиламиз. Тишларимизни иложи борича ялтиратишга уринамиз. Лекин бу ишни ибодат учун, Роббни рози қилиш учун эмас, урфни деб, чиройли бўлишни кўзлабгина қиламиз.
Ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қиладиган бўлсак, биз, мусулмонлар дунёдаги энг оғзи пок, тиши энг тоза ва чиройли, ўзи энг соғ ва бу ишлари учун Аллоҳ таолонинг розилигини олган кишилар бўламиз. Шунинг учун ҳаракат қилайлик. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!