Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қуръондан шу тариқа фойдаланиш мумкинми?

00:00 / 13.01.2014 | Fayzullohmuslim | 3483
Ҳазрат, юртимизда сиздек олим инсоннинг борлиги учун аввало Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолога беадад ҳамду санолар бўлсин! Ўзидан Аллоҳнинг дини исломни, Аллоҳнинг китоби Қуръонни ва ўзларининг гўзал суннатларини биз умматларига мерос қолдирган пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васалламга чексиз саловату дурудлар бўлсин.! Устоз сиз туфайли юртимизда диний саводсизлик барҳам топаяпди. Xалқимизга соф ислом ақийдаси асосида тақдим этаётган китобларингиз, турли саволларга бераётган жавобларингиз сизни бугунги кунимиздаги аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг етук намоёндалари ва давомчи олимларидан бири эканингизни ёрқин далилидир. Бунинг учун сизга ўзим ва ғоибона мухлисларингиз ва шогирдларингиз номидан чексиз миннатдорчилик изҳор этишга ижозат бергайсиз. Илоҳим мустақил юртимиз Ўзбекистонда сиздек олимларнинг умрлари узоқ бўлсин, илмлари зиёда бўлсиз ҳамиша Аллоҳнинг паноҳида, ҳифзу ҳимоясида бўлиб, доимо тарқатажак илм нурингиздан халқимиз бахраманд бўлиб турсин. Амин! Устоз, “Зикр аҳлидан сўранг” номли китобда ва интернетдаги ислом.уз савол-жавоблар саҳифасида берилаётган саволларга жавобларингизни ўқиб, кўпчилик мусулмонлар билмаган нарсаларини билиб олишаяпди. Устоз, қуйида бермоқчи бўлган саволимни ёзишдан олдин, бир нарсани илтимос қилмоқчи эдим. Агар имкони бўлса, бу саволни ҳам, инша Аллоҳ бу саволга бериладиган жавобни ҳам, ўша зикр аҳлидан сўранг номли китобда чоп этилса, интернетдан фойдалана олмайдиган кексаларимизга ҳам ўқишга имкони бўлиб, шояд тўғри йўлни топиб турли бидъат хурофотлардан узоқ бўлишармиди, дейман. Савол соҳиби менга таниш бўлган инсон эди. Унинг иштирокида айнан унинг тилидан ёзмоқдаман: "Ақлимни таниганимдан буён, онамнинг қиладиган баъзи амалларини, баъзи гаплари бугунги кунда озгина исломий илмга эга бўлиб ўйлаб қолдим. “Бу динимизда бормикан, тўғримикан” деган саволлар мени қийнайди. Бу масалага китоблардан умумий жавобларни келтирсам ҳам, онам тан олмайди. Негаки, айнан онамнинг қилаётган амали эмаслиги учун. Xуллас, уйимизда жуда эскириб қолган баъзи вароқлари йиртилиб қолган араб ҳарфларида битилган бир китоб бор. Онамнинг айтишича бу китоб Қуръон китоби бўлиб онасидан қолган мерос экан. Онам ҳар ҳафтада ҳеч бўлмаганда бир марта уйга икки паллалик тарози олиб келиб тарозининг ўнг тарафига қуръон китобини қўйиб, чап тарафига ҳудди қуръон китобни вазнида сувни баклашкада қўйиб, икки томон оғирлигини тенг қилиб тортади. Кейин шу сувни ўзининг талқини бўйича асосан ишларини юриштирувчи восита сифатида ишлатади. Ёки шу сувни ичиб бундан қандайдир руҳий енгиллик топишини айтади, шу сувга юзларини ювади. Хуллас бу одат онамнинг онасидан қолган одат экан. Бунинг номини “41 қайтарма” деб атайди ва бу ишни биз фарзандларига илоҳийлаштириб кўрсатиб, бизни ҳам шу ишни қилишга ундайди. Бу иши, яъни қуръон китоб билан сувни тарозига қўйиб, шу сувдан фойдаланиш исломда борми? Бу ишни қилаётган онам гуноҳкор бўлмаяпдими? Биз ҳам унинг илтимосига биноан қилсак гуноҳга ботмаймизми? Онамнинг айтишича, бу ишни фақат орқали одамгина қилса ўтади, мен орқалиман дейди Лекин онам намоз ўқимайдилар. “Қачонки Қуръон китобни ўқишни ўргансам намоз ўқийман” дейдилар. Бугунги кунга келиб менга “эринг билан ажраш, у билан яшасанг мен сендан розимасман ва сен учун йўқман ва яна эринг билан яшасанг, мени оналик ҳаққим бу сени оқ қиламан, агар эринг билан ажрашмасанг сени оқ қилдим" дедилар. Эримдан ажраш дейишларининг сабаби, доимий бориб юрадиган фолбинлари шуни маслаҳат берганмиш. Умуман олганда онамнинг ҳаётида фолбин ва ўзлари айтадиган парҳонларчалик кучли аҳамиятли инсонлар бўлмаса керак. Ҳар бир ишда фолбинга мурожаъат қиладилар. Фолбинга бориш ёмонлиги ҳақида қанча гапирмай, фойдаси йўқ. Яна Аллоҳга ва ўзларига аён эрим билан нега ажраш дейишлари. Ўзлари рози бўлиб берганлар. Эрим исломий зиёлий оилада ўсган. Мени ҳам 5 вақт намозни ўқишим ва хижобга киришимга сабаб бўлган бир инсон. Онамнинг бу қилиқлари эримга ёқмаганлиги ва нотўғрилигини айтгани сабабми, балки бошқа сабабми эримдан ажрашишимни қаттий талаб қилиб қўйганлар. Эримни “ваҳобий” деб менга таҳқирлайди. Лекин эрим умуман ваҳобийлик ва бошқа оқимларга алоқаси йўқлигига иймоним комил. Балки олий малумотли Тошкентдаги Миллий Университетни тугатиб, сўнг магистратурасини ҳам тугатиб, бугунги кунда давлат ишига жойлашиш ҳаракатида. Мени хавотирга солаётган нарса шуки, онамнинг гапларини қилмай бахтли хаётимни бузмаганим учун онам мени оқ қилса ёки мендан норизо бўлиб ўтса, мен Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлмайманми? Охиратим куймайдими? Бугунги кунда ҳаётимиз мазмунига айланган ширин фарзандимиз бор. Уни эрим иккимиз еру кўкка ишонмаймиз. Илтимос, маслаҳат беринг. Мана 3 йилдирки онамга тушунтиришга ҳаракат қиламан, лекин ҳеч қандай натижа йўқ. Хатто қизлик давримда бўлғуси эрим олиб берган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобларини ўқишимга, маърузаларини эшитишимга ҳам, онам қатъий тўсқинлик қиларди. Яширинча тонгда саҳарда онам ухлаб ётган вақтларда эшитардим, ўқирдим. Бугун эримни ваҳобий дейишига балки шу китобларни менга ҳадя қилгани сабабдир. Ахир бу китобларда ҳеч қандай ёмон ақийда йўқку, давлатимиз томонидан рухсат берилган китобларку? Илтимос, менга тўғри йўл кўрсатинг ва онамнинг қилмишларига диний муносабатингизни билдирсангиз”. Устоз, шу ерда бу танишимни тўхтатишга мажбурман. Чунки у кишининг гапларини савол қилиб кўчирай десам, юраги тўла дард. Она ризолиги ва бахти иқболи ўртасида аросатда қолган бир муслиманинг қийнаётган саволларига жавоб бериб, ўз насиҳатингизни дариғ тутмасангиз илтимос. Қимматли вақтингизни олган бўлсак, саволда одобсизлик қилган бўлсак, сиздан узр сўраган ҳолда Ғоибона шогирдингиз. Умид билан жавобингизни кутамиз олдиндан раҳмат.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Бундай онанинг гаплари бир пулга ҳам арзимайди. Торози тортиб қилаётган иши ширкдан бошқа нарса эмас. Намоз ўқимаслиги энг улкан набокорликдир. Фолбинга бориши ва унинг айтганини қилиши куфр ва исёндир. Эрингдан ажраш дейиши зулм ва истибдоддир. Ҳеч қандай ота ва она боласига оилангни буз дейишга ҳақли эмас. Бу она деб аталмиш нобакорнинг оқ қилгани ўтмайди. Бу гаплари ва ишлари ўзи учун гуноҳ бўлиб ёзилади. Намоз ўқиб, рўза тутиб, ибодатларини ўрнида қилиб юрган одам ваҳҳобий бўлиб қолмайди. Балки чин мусулмон бўлади. Атрофга қарасин ўша нобакор аёл. Кўпчилик намоз ўқимоқда. Масжидларга назар солсин. Шикоятчи қизимиз она деб аталган нобакорнинг гапларига эътибор бермасин. Аммо унга қўлидан келган яхшилигини қилсин. Динга қарши иш ва гапларига кўнмасин!

Топ рейтинг www.uz Openstat