Намозда акса урса Алхамдулиллах деса намоз бузиладими. Саволим такрорий булсма узр
"Алҳамдулиллаҳ" деса бузилмайди, лекин демаган афзал.
Намозни бузувчи амаллар
Бир нечта амаллар борки, булар содир бўлиши билан намоз бузилади:
1. Намознинг шартларидан бирини тарк қилиш. Мисол учун авратни беркитмаса ёки уч тасбеҳ айтиш миқдорича қибладан бошқа томонга юзланиб турса;
2. Намознинг рукнларидан бирини тарк қилса. Мисол учун рукуъ ёки сажда қилмаса;
3. Кетма-кет бир рукнда бир ҳаракатни уч маротаба такрорласа ёки намозга тегишли бўлмаган амални кўпайтириб юборса;
(Изоҳ: Намозда бир қўл билан бажариб бўлмайдиган, икки қўл муҳтож бўладиган амалларга амалу кассир, яъни кўп амал, дейилади. Мисол учун салла ўрашлик, белбоғни боғлашлик, тўнни кийиш ёки ечиш ва ҳоказо. Мана шу каби кўп амални қилиш билан ҳам намоз бузилади. Аммо бир қўл билан бажарса бўладиган амални икки қўлда қилса ҳам, модомики, ўша амални бир рукнда уч бора қилмаса, кўп амал қилган ҳисобланмайди. Аслида намозга тайёргарлик қилинаётган вақтда унга халақит берадиган нарсаларнинг олдини олиб қўйиш керак. Инсончилик юзасидан эсдан чиқиб қолган бўлса, бошқаларнинг намозига халақит қилмаслик учун бунақа ишларни бажариш билан намоз бузилмайди. Бирор киши намозда турганида илон ёки чаённи ўлдириши ҳамда олдиндаги бўш жойни тўлдириши ҳам намозни бузмайди).
4. Тўхтамасдан уч қадам юрса. Лекин олди саф очиқ бўлса, бир рукнда бир ёки икки қадам билан олдинни тўлдириш жоиз;
5. Намозга тегишли бўлмаган сўзни хоҳ у тушунарли бўлсин, хоҳ тушунарсиз бўлсин, бир ёки икки ҳарф миқдорида талаффуз қилса;
6. Рукуъ ва саждаси бор намозларда қаҳқаҳа билан кулса. Қаҳқаҳа, деб ёнидаги одам эшитадиган даражадаги кулгига айтилади. Намоздаги бу кулги билан намозга қўшилиб, таҳорат ҳам бузилади;
7. Узрсиз йўталса;
8. Қуръонни бузиб ўқиса;
Агар Қуръоннинг маъноси қўпол бузилса, у намозни қайтариб ўқиш вожиб бўлади. Қўпол бузиш, дегани жаннат ўрнига дўзахни, мўъмин ўрнига мушрикни, ҳидоят ўрнига залолатни ва шу каби аксларни қироат қилиб юборишга айтилади. Мисол учун Зумар сурасининг 73-оятидаги «Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга ҳайдалдилар» ўрнига «жаҳаннамга ҳайдалдилар» жумласини айтиб қўйиб, шу ракатда ўша хатосини тўғриламасдан намозни адо этса, у намоз бузилган бўлади. Аммо ўша ракатнинг ўзида хатосини тўғриласа, намози дуруст бўлади.
9. Намозда туриб озми-кўпми сув ичса ёки овқат еса;
10. Сув йўқлиги учун таяммум қилиб намоз ўқиётган киши таҳорат қилиш учун етарли сувга қодир бўлиб қолса;
11. Намоз ўқиётган чоғида маҳсига тортган масҳнинг муддати ўтиб кетса;
12. Бомдод намозини ўқиётганда қуёш чиқиб кетса;
13. Ийд намозини ўқиётганда қуёш заволга оғса. Жума намози ўқилаётганда аср вақти кириб қолса ҳам, шу ўқилаётган намозлар бузилади.
(Изоҳ: Демак, шу ҳолатларда қуёш найза бўйи кўтарилишини кутади ва қазо бўлган бомдодни ўқийди, қуёш заволга оғгач эса, ийд намозини тарк қилиб, пешин намозини ўқийди. Аср вақти кириб қолган бўлса, жума намозини бузиб, ўрнига қазо бўлган пешинни ўқийди).
14. Намоз асносида ўзини билмай қоладиган даражада ҳушидан кетса;
Бу ҳолатда намоз бузилиши билан бирга таҳорат ҳам синади. Ушбу масала юқорида ўтган эди.
15. Битта намозда эркак киши билан аёл киши сафда баробар туриб қолса, аёлнинг намози бузилади;
Агар имом шу аёлга ўзининг имомлигини ният қилса, ўша аёл ўзининг маҳрами бўлса ҳам ёки маҳрами бўлмаса ҳам ушбу имомнинг намози бузилади.
16. Намозга тегишли бўлмаган сўз гапирса;
Қасддан бир кишига салом берса ёки саломга алик олса, беузр инграб, камида икки ҳарфли овоз чиқарса, товуш чиқариб йиғласа ҳам, намоз бузилади. Лекин йиғлаши охират ташвиши билан бўлса, зарари йўқ. Акса уриб алҳамдулиллаҳ, деган кишига жавоб қайтарса, имомдан бошқанинг қироатини тўғриласа, намоздан ташқаридаги кишининг қироатини тўғрилаш учун айтган каломини қабул қилиб, унга эргашса ҳам намози бузилади. Яна гапга гарчи зикр билан бўлса ҳам, жавоб қайтарса намоз ботил бўлади. Мисол учун бир киши мағлуб бўлди, деса-ю, намозда турган киши унга жавобан алҳамдулиллаҳ, деса ёки «Бир мусулмон оламдан ўтибди», деса, унга жавобан «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деса ҳам намоз бузилади.
17. Мусҳафга қараб туриб намозда қироат қилса, нажосат устига сажда қилса, инсонлардан сўраладиган нарсани намоз ичида дуо қилиб сўраса ҳам намоз бузилади.