Ассалому алайкум! Отам рахматли бўлганига кўп йиллар бўлди. Афсуки у коммунистик тарбия олган эди. Худога ишонардию лекин твда қўйилган пайғамбарлар филмлари жумладан Асхоби Кахфнинг 100лаб йил ухлаши каби воқеалар унга мантиқиз келгани учун ишонмасди. Охиратдан гапирганда у ёққа бориб келган йўқ дерди. Саволим 1. Унинг хаққига дуо қилиш жоизми? 2. Дуо қилсак қандай дуо қиламиз? Яна бир саволим биз тарафларда ер остидан сув чиқади деб майитни ер устига қўйиб қабр қуриб қўяверадилар. Бу қанчалик тўғри. Ер остидан 2 метрча сув чиқмаслиги аниқ. Минг афсус бизнинг Хоразмда хали хануз намоз ўқийдиганларга ола қарайдиганлар кўп.
– Ва алайкум ассалом! 1). Бирор кофир модомики тирик, ҳали вафот этмаган бўлса, унга ҳидоят сўраб дуо қилиш жоиздир. Аммо бирор киши куфрда вафот этгани аниқ бўлса, у учун мағфират, раҳмат сўраб дуо қилиш жоиз эмас.
مَا كَانَ لِلنَّبِىِّ وَٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَن يَسْتَغْفِرُواْ لِلْمُشْرِكِينَ وَلَوْ كَانُوٓاْ أُوْلِى قُرْبَىٰ مِنۢ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُمْ أَصْحَٰبُ ٱلْجَحِيمِ
Пайғамбар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир. Тавба сураси 113-оят.
Ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад Ибн Мусаййибдан, у эса отасидан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Абу Толибнинг вафоти яқинлашганда унинг олдига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Унинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умаййа ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амаки, ла илаҳа иллаллоҳу десанг, Аллоҳ ҳузурида сен ҳақингда дуо қиламан», дедилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайялар эса: «Эй Абу Толиб, Абдулмуттолибнинг динидан юз ўгирасанми?» дедилар. У бўлса: «Мен Абдулмуттолибнинг динидаман», деди. Бас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ман қилинмасам, сенинг учун истиғфор айтаман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Набий ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир» оятини нозил қилди». Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламгаки рухсат йўқ экан, бошқаларга бўлмаслиги аниқ гап. Бу ерда иймон ва эътиқод алоқаси ҳамма алоқалардан устун туриши яққол кўриниб турибди. Мўмин киши учун ҳамма нарсадан иймони афзал, шунинг учун у аввало иймон, дин қардошлари ила алоқа ва боғланишларни йўлга қўяди.
2). Сув чиқиб кетса жоиз. Валлоҳу аълам!