Ассалому алайкум! Кўчада юрадиган итларнинг бирига бир марта овқат бергандим. Очликда юргани учун. Шунинг учун уйимиз яқинида кўп юрадиган бўлди. Кўчани арчамиз экилган жойига ётадиган бўлди. Уйдан ташқарида бўлгани учун ҳайдаб юбормадим. Яқинда шу ит болалабди. Биз уйдагилар базида уйдан ортган овқатларни шу итга берамиз. Ит эса шунга ўрганиб қолган. Лекин уйга киритмаймиз. Биз ҳозир ит боқаётган ҳисобланамизми. Лекин итга мен овқат берсам ҳам фақат очлиги учун бераман боқиш ниятида эмас.
– Ва алайкум ассалом! Итга еб-ичадиган таомини бериб туриш сиз учун эҳсон ҳисобланади. Ит боқадиган ҳисобланмайсиз.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي بِطَرِيقٍ اشْتَدَّ عَلَيْهِ الْعَطَشُ فَوَجَدَ بِئْرًا فَنَزَلَ فِيهَا فَشَرِبَ ثُمَّ خَرَجَ فَإِذَا كَلْبٌ يَلْهَثُ يَأْكُلُ الثَّرَى مِنَ الْعَطَشِ، فَقَالَ الرَّجُلُ: لَقَدْ بَلَغَ هَذَا الْكَلْبَ مِنَ الْعَطَشِ مِثْلُ الَّذِي كَانَ بَلَغَ بِي، فَنَزَلَ الْبِئْرَ فَمَلَأَ خُفَّهُ ثُمَّ أَمْسَكَهُ بِفِيهِ فَسَقَى الْكَلْبَ فَشَكَرَ اللهُ لَهُ فَغَفَرَ لَهُ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَإِنَّ لَنَا فِي الْبَهَائِمِ أَجْرًا؟ فَقَالَ: نَعَمْ، فِي كُلِّ ذَاتِ كَبِدٍ رَطْبَةٍ أَجْرٌ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одам йўлда кетаётиб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб, сув ичди. Кейин қайтиб чиқса, бир ит чанқаганидан тупроқни ялаяпти. Ҳалиги одам «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб, қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб, мағфират қилди».
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?» дейишди.
«Ҳа! Ҳар бир ҳўл жигари борда ажр бор», дедилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ислом мусулмонларни Аллоҳ таоло яратган ҳар бир нарсага раҳмли бўлишга чақиради. Ушбу ҳадиси шарифда Исломнинг ҳайвонот оламига бўлган муносабатидан бир намуна кўриб турибмиз.
«Яхшилик ва ахлоқ китоби»да ҳайвонот ола¬мига яхшилик қилиш ҳақида ҳадиси шарифлар келаётганига эътибор берайлик. Ислом бутун дунё¬га, ҳатто ҳайвонот оламига ҳам яхшилик қилиш ва улар билан ҳам юксак ахлоқ меъёрларида муомалада бўлишга чақиришига эътибор берайлик.
Одатда кишилар дайди итларга унча эътибор бермайдилар. Эътибор берсалар ҳам, салбий маънода, яъни уларни ўлдириш, ҳайдаб юборишга интиладилар.
Аммо Исломда худди ўша дайди итнинг ўлимдан қолишига сабаб бўлган одамга жаннат ваъда қилинмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифдаги «Ҳар бир ҳўл жигари борда ажр бор», деган гаплари барча ҳайвонларга яхшилик қилган, уларга раҳм-шафқат кўрсатган одам Аллоҳ таоло томонидан тақдирланиши, ажру савоб олиши учун умумий қоидадир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!