Ассаламу алайкум! Муҳтарам устозлар! Биз талабамиз, ижарада турмоқчи бўлган уйда, чамаси 45 ёшлар, 12 ёшли боласи бор бева уй бекаси бор экан. Бизлар 4-5 бола шу уйда яшасак бўладими? Олдиндан ташаккур!
Ва алайкум ассалом! Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади», деганлар.
Агар номаҳрам эркак ва аёл бирга қолсалар, ҳеч бўлмаганда бошқаларда шубҳа туғилади, турли гап-сўзлар кўпаяди. Бу эса ифк ҳодисаси каби мусибатларга олиб келади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар.
Имом Абу Довуд келтирган ривоятда қуйидагилар баён қилинган:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида завжаи мутаҳҳаралари Софийя онамиз кечаси у зотни зиёрат қилгани келдилар. Суҳбатлари тугаб, у киши қайтиб кетаётганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кузатиб эшик олдига бордилар. Икковлари гаплашиб турганларида ансорийлардан икки киши ўтиб қолдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тез юриб кета бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига:
«Шошманглар! Бу аёл Софийя бинту Ҳуяйдир», дедилар. Улар:
«Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, шайтон одамларнинг қон томирларида юради. Икковингизнинг қалбингизга бирор ёмонлик солмасин, деб қўрқдим», дедилар.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакнинг қўли номаҳрам аёлнинг ҳеч бир жойига тегмаслиги лозимлигини қаттиқ тайинлаганлар. Ўзлари байъат олган вақтларида ҳам аёлларнинг қўлларидан тутмаганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлнинг ёлғиз ўзи ёки номаҳрам эркак билан бирга сафар қилишини қаттиқ манъ этганлар.
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб:
«Ҳаргиз бир эркак бир аёл киши билан холи қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса, мустасно. Аёл киши маҳрамсиз зинҳор сафарга чиқмасин», дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг аёлим ҳажга чиқди, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сен бориб аёлинг билан бирга ҳаж қил!» дедилар.
Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл кишининг ёлғиз ўзини ҳатто ҳажга ҳам юбориб бўлмас экан. Ҳатто Аллоҳ йўлида, дину диёнат йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, аёлига маҳрам бўлиб ҳажга бориш лозим экан. Чунки сафар машаққат ва хавфдан холи эмас. Аслида мўмина аёлларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга маҳрамларининг эркаклик ғурурлари ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, уни қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиши керак.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак-аёлларнинг бир-бирига аралашиб кетишини жуда қаттиқ манъ қилганлар.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Усайд ал-Ансорий айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ташқарисида туриб, йўлда эркаклар билан аёллар аралашиб кетганини кўрдилар ва аёлларга: «Сизлар орқада қолинглар, йўлнинг ўртасидан эмас, чеккасидан юринглар!» дедилар. Аёллар девор тагидан юра бошладилар. Улар деворга жуда яқин юрганларидан кийимлари унга тегиб кетар эди».("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам.