Ассалому алайкум! Мен кўп жойларда ишлаганман Алхамдулиллах Намозхонман Усталарга мен ёрдамчи бўлиб ишлаганман Усталар кўплари ишлаган хаққимни бермадилар бу холат кўп усталар билан юз бермоқда турли важ карсон бахоналар қилиб ишлаганимга арзимаган пул бериб қолганини кейин бераман деб алдашади. Мана яқинда бир инсон билан ишладим 20 кундан ортиқ ишлатиб қўлимга бошқа шогирти орқали 200000 сўм пул бериб юборибди тел қилсам тухмат қилиб асбобларим йўқолибди деди. Қайси асбоб десам бахона айтиб телни ўчирди. Онажоним айтди яхши кунига буюрмасин деб дуоибат қилдилар менга ўғлим уйига бориб уста билан урушгин жанжал қил хаққингни талаб қил деди, ишлаб қолаверасанми деди. Мен кўп инсонларда хаққим бор улар барибир беришмайди чунки уларни хаммаси иймони суст ичкилкка ружу қуйгандир бировни хаққидан қўрқмайди. Мен бу вазиятда қандай йўл тутай? Хаққимни талаб қилсам барибир беришмайди, қиёмат қарз бўлсинми?
– Ва алайкум ассалом! Мўмин кишининг кечиримли бўлиши, инсонларнинг азиятларини кўтара олиши, уларга раҳмдил бўлиши мақталган сифатлардан. Киши қодир бўла туриб бошқанинг зулмини афв қилса Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги даражаси ошади. Аммо бу ерда нозик жиҳат борки барча ҳам буни фарқлай олмайди. Инсон бошқаларнинг унга қилган зулмини Аллоҳ учун кечирса савоб олади, аммо қўрқоқлиги туфайли индамаса ундай эмас. Мўмин киши бир маротаба алданса бошқа бундай ҳолга тушмаслик чораларини кўради. Акс ҳолда жамиятда мўминларга нисбатан ҳунук тамға тушиши ҳеч гап эмас. Сиз ишингизга пухта бўлинг, золимлардан четда юринг, борди-ю шундайларга учрасангиз ҳаққингизни ундириб олишингиз тўғри бўлади. Агар қарзини бермасдан қолиб кетса, сиз қиёматда ютқазмайсиз.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَتَدْرُونَ مَا الْمُفْلِسُ؟ قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لَا دِرْهَمَ لَهُ وَلَا مَتَاعَ، فَقَالَ: إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلَاةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، وَسَفَكَ دَمَ هَذَا، وَضَرَبَ هَذَا، فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касодга учраган кимлигини биласизларми?» дедилар.
«Бизнинг ичимизда касодга учраган дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди.
«Албатта, умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир.
Бунга унинг савобларидан берилур, анавинга ҳам унинг савобларидан берилур. Агар унинг зиммасидаги нарса тамом бўлмасдан аввал савоблари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб, унинг устига ташланур. Сўнгра у дўзахга ташланур», дедилар».
Шарҳ: Тўлиқ маънода касодга учраган одам бу дунёда одамларга ёмонлик қилган киши экан. Ушбу ҳадиси шарифда ўша касодга учраганларнинг энг яхшиси ҳақида сўз кетмоқда. Чунки у қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган бўлади.
Аввал ўша касодга учраган бахтсизнинг савоблари бўлса, уларни олиб, ундан ёмонлик кўрган бечораларга тақсимлаб берилади.
Кейин эса мазкур касодга учраган бахтсизнинг устига бу дунёда унинг ёмонлигидан зарар топган бечораларнинг гуноҳлари юкланади.
Охирида ўша касодга учраган бахтсиз жаҳаннамнинг қаърига улоқтирилади.
Ана, кўрдингизми, бировни сўкиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировнинг молини ейиш, бировнинг қонини тўкиш ва бировни уриш қандай ҳам ёмон иш! Бас, буларга ўхшаган ёмон ишлардан сақланайлик.
وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَتُؤَدَّنَّ الْحُقُوقُ إِلَى أَهْلِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُقَادَ لِلشَّاةِ الْجَلْحَاءِ مِنَ الشَّاةِ الْقَرْنَاءِ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади», дедилар».
Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!