Ассалому алайкум! Биз студентмиз 8 киши квартирада яшаймиз овқатланиб ўтрганмизда чой қуйиб тарқатётганмизда орамиздан биримиз ўнг қўлда қуйин дейди албатта ўнг қўлда узатамиз адашиб ёки атайин чап қўлда қуйсек ўша шеригимиз у чойни ичмасликкача боради овқат қолиб кетади саволим: бу қанчалик мухим иш. Шарият оламига илк қадам қўйган инсон сифатида сўрадм.
– Ва алайкум ассалом! Тортишадиган нарса эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир яхши ишни ўнг тарафдан қилишни ёқтирар эдилар. Шу эътибордан тарки авло бўлиши мумкин холос. Аммо чап қўлда қуйилган сувни ичмасликка ҳеч қандай асос йўқ.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: إِنْ كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم لَيُحِبُّ التَّيَمُّنَ فِي طُهُورِهِ إِذَا تَطَهَّرَ، وَفِي تَرَجُّلِهِ إِذَا تَرَجَّلَ، وَفِي انْتِعَالِهِ إِذَا انْتَعَلَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам поклансалар, покланишларида ҳам, тарансалар, таранишларида ҳам ва кавуш кийсалар, кавуш кийишларида ҳам доимо ўнгдан бошлашни жуда яхши кўрар эдилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Ҳадисда яхшилик, покликка доир ишларни ўнг тарафдан бошлаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда яхши кўрган, доимо қилиб юрган иш эканлигини айтиш билан сиз билан биз, умматлар ҳам шу ишга эргашишимиз кераклигига тарғиб қилинмоқда.
Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам покланганларида ҳам ўнг томондан бошлашни жуда яхши кўрганликлари ҳақида гап борганлиги учун у ғусл бобида келтирилмоқда.
Демак, ғуслда ҳамма аъзоларни ювишни ўнгдан бошлаш керак.
Таҳоратда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини тарасалар ҳам бошларининг ўнг томонини тарашдан, оёқ кийимини кийсалар, ўнг пойини кийишдан бошлар эдилар.
Ушбу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган ривоятида:
«Барча ишларида ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар», дейилган.
Чиндан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхшилик, эҳтиром, хайр маъносидаги бир нарсани олиш ёки бериш, ичиш, ейиш, кийиш, ювиш каби ишларни ўнг қўл билан қилар ва ўнгдан бошлар эдилар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!