Ассалому алайкум! Ўзим Японияда Иқтисодиёт йўналиши бўйича бакалавр даражасида ўқийман. Исломий иқтисодиётга жуда қизиқаман ва Муҳаммад Тақи Усмонийнинг Ислом иқтисодиёти ҳақидаги бошланғич китобини ўқидим. У ерда маълум бир тижорат шартлари учун турли хил мазҳаб уламоларининг фиқҳлари келтирилган ва яна қайси фатволар амалда қўлланилаётгани ҳам айтилган. Бу тизим янги бўлгани учун, амалиётда айни бир мазҳаб уламоларининг фиқҳидан келиб чиқиб эмас балки қайси уламоларнинг фатволари амалиётда қўллаш осон бўлса шу усул кўпроқ фойдаланилаётганини кўришимиз мумкин. Ҳанафий мазҳабида эканмиз, биз мана шу масалаларда қандай йўл тутишимиз лозим? Амалда кўпроқ қўлланилгани ва кўплаб исломий иқтисод структураларида ҳар ҳил мазҳаблардан олинган фатволардан фойдаланиш қай даражада тўғри?
– Ва алайкум ассалом! Шаръий ижтиҳод шартларини ўзлаштириб мужтаҳидлик мақомига етмаган киши ҳар бир мазҳабдан нафси-ҳавоси истагига мос келган фатвони олиб, амал қилиши шариатда «талфиқ» дейилади. Соддароқ қилиб айтганда талфиқ айни бемазҳабликнинг ўзгинасидир.
Ҳозирги пайтда ислом молияси ва иқтисодига тааллуқли бази масалаларда ҳанафий уламолардан айримлари уламолар жамоасининг умум фатвоси ва иттифоқи билан айрим масалаларда бошқа мазҳабларнинг ижтиҳодидан фойдаланиш жоиз деган. Лекин бу ўта ҳассос масала бўлгани учун бу ишни уламоларга ҳавола қилиш лозим. Валлоҳу аълам!