Ассалому алайкум! Азиз устозлар, йигит кишини баракаси (пулида ёки тижоратида) бўлмаслигига асосий сабаблари нима? Барака бўлиш учун нима қилиш керак?
Ва алайкум ассалом! Ҳар бир иш суннатга мувофиқ, ҳалол йўл билан бўлмас экан унда барака бўлмайди. Кимларнидир ҳаром иш билан шуғулланса ҳам, намоз ва рўзаларни адо қилмаса ҳам ишлари юришиб, кўп бойликка эга бўлиши сизни ажаблантирмасин. Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида марҳамат қилади:
فَلَمَّا نَسُواْ مَا ذُكِّرُواْ بِهِ فَتَحْنَا عَلَيْهِمْ أَبْوَابَ كُلِّ شَيْءٍ حَتَّى إِذَا فَرِحُواْ بِمَا أُوتُواْ أَخَذْنَاهُم بَغْتَةً فَإِذَا هُم مُّبْلِسُونَ
44. Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар. Бундай муомалага «истидрож» – билдирмасдан, даражама-даража олиш дейилади. Аллоҳ огоҳлантириш мақсадида аввал бало-офатга дучор қилган эди, тазарру қилмади, куфрда давом этди. Бало-офат таъсир қилмайдиган қалб тош қотган, яхшилик умид қилиб бўлмайдиган қалбдир. Ундан энди иймон ҳам, бирор-бир яхшилик ҳам кутиб бўлмайди. Аллоҳ Ўзи ҳикоя қилаётган аввалги умматлардан шундай қаттиқ қалблиларини бир муддат тек қўйиб қўйган. Улар бошидан ўтган мусибатларни ва: «Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик», – дейди. Яъни улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Бу дунёнинг матоҳлари уларга селдек оқиб келган. Албатта, улар бу нарсаларга чексиз хурсанд бўлганлар. Аммо иймонсиз, тазаррусиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Аслида иймонли, тазаррули ва тақволиларга нозу неъматлар, фаровон турмуш берилиши лозим. Аллоҳ таолонинг ваъдаси шу. Аммо бу нарсалар кофир-мушрикларга берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Нозу неъматга кўмилган кофирлар ғурурга кетиб, яна ҳам кўпроқ исёнга, гуноҳкорликка ўзларини урадилар. Аммо ҳақиқий ҳикмат кейин пайдо бўлади: «Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик». Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Уларни бирданига Аллоҳнинг азоби тутди. «Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар». ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!