Ассалому алайкум! Устозлар сизларни бир масалада ёрдаминглар керек мани бир дўстим бор ўзи намоз ўқимайди ман билан бирга ишлайди устачилик қиламиз бир ёмон иш қилади қачон қараса Ўзбек уламоларини айбини оҳтариб юради ёмонлайди машара қилади бу масалада кўп тортишами ман севган устозларни ёмонласа чидай олмиман кўп уришиб қоламиз 2 кун олдинҳам шундай бўлди жуда қаттиқ жаҳлим чиқди пешин намозидан кейин оятал курсини ўқидим 4 маротаба я Роб деб айтдим Роббим динимиз учин ҳизмат қилиб келаётган уламоларни қорийларни машара қилганни жазосини бер деб дуо қилдим 20 минут вақт ўтмай қўлини кесди котта жароҳат олиб балнитсага югирди устоз шу ишим ҳатоми таниқли уламоларни ёмонласа Аллоҳ жазосини бер деб дуо қилсек бўладими...
– Ва алайкум ассалом! 1). Қуйидаги линкда берилган мақолани ўқинг:
https://islom.uz/maqola/5341
2). Унга жазо сўраб дуо қилгандан кўра истиғфор айтсангиз ўзингизга ҳам, унга ҳам яхши эди.
Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳнинг бирор кимсани лаънатлаганини ҳеч эшитмадим. Фақат инсоннигина эмас (бошқа нарсаларни ҳам)».
Солим яна айтади:
«Абдуллоҳ ибн Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши лаънатловчи бўлмайди», деганлар», дер эди».
Шарҳ: Ровийнинг оталари, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу буюк саҳобалардан бўлган тақводор зот эдилар. Барча саҳобалар каби, у зотнинг сифатлари ҳам сиз билан биз – мўминлар учун ўрнак бўладиган сифатлардан ҳисобланади.
Ровий Солим ибн Абдуллоҳ айтадиларки, «Отам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мўмин киши лаънатловчи бўлмайди» деганларини эшитган эканлар».
Сўкиш, лаънат айтиш, хусусан, «лаънат» деган сўзни ишлатишдан жуда эҳтиёт бўлишимиз лозим. Бу сўз «Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлиш» деган маънони англатади.
Шунинг учун ҳатто кофир бўлса ҳам, муайян бир шахсни лаънатлаб бўлмайди.
Ояти карималардаги кофирларга айтилган лаънат умумий бўлиб, жоиздир. Бироқ маълум бир шахсни лаънатлаб, унга: «Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» деб бўлмас экан.
Чунки, эҳтимол, эртага у мусулмон бўлиб қолар. Лаънат эса «Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлсин», дейишдир. Аллоҳнинг раҳмати эса иймон, Исломдир, яхшилик, хайр-баракадир.
Шу боис, ҳеч кимни, ўтиб кетганларни ҳам, кофирми, фосиқми, ким бўлса ҳам – лаънатлаб бўлмайди.
Умуман, мўмин киши бировни лаънатлаш, таҳқирлаш, сўкиш маъноларидан узоқ бўлиши керак экан.
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ фаҳш сўзловчини, фаҳш сўзлашга уринувчини ҳамда бозорларда бақир-чақир қилувчини севмайди», дедилар».
Шарҳ: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фаҳш сўз айтувчиларни, фаҳш, уят, шарм-ҳаёсиз иш қилувчиларни, бозорларда бақир-чақир қилувчиларни севмайди, ёқтирмайди.
Аллоҳ таоло уят сўзларни, шарм-ҳаёсиз сўзларни айтишни, ана шундай амалларни қилишни хуш кўрмайди.
Шунинг учун мўмин одам фаҳш сўз ва амаллардан, бозорларда бақир-чақир қилишдан ўзини ниҳоятда сақлаши керак. Валлоҳу аълам!