Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қалбимдаги ёмон ҳаёллар

09:57 / 28.12.2014 | mahmudshms | 3932
Қалбимдан шундай ҳаёллар ўтадики, агар тилимга чиқиб кетса, кофир бўлиб қоламан. Шу ҳаёлларга қарши далиллар қидириб қийналиб кетдим. Бу ҳаёллар намозимдаям келяпти. Илтимос ёрдам беринг.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бу гап жуда кўп такрорланган. Деярли ибодатга янги кирган ҳар бир одамнинг бошида бор. Яқинда ҳам шунга ўхшаш бир саволга батафсил жавоб бердим. Ҳар кимга алоҳида жавоб беришга вақтим ва имконим йўқ. Ўзларингиз излаб топинглар. Ҳозир излаш бўлимига кириб "айни иймон"ни ёздим ва қуйидаги маълумот биринчи бўлиб чиқди. Бошқалари қатор- қатор турибди. Биринчисини тақдим қиламан: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга васваса ҳақида савол берилди. «У айни иймондир», дедилар». Муслим ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси, бошқача қилиб айтганимизда «Васваса айни иймондир» бўлади. Бу қанақаси? Ахир васваса шайтондан, иймон Раҳмондан-ку! Васваса иймоннинг кушандаси-ку! У қандоқ қилиб, айни иймон бўлиши мумкин? Бу гап, олов сувдир, деганга ўхшамайдими? Ушбу ҳадиси шариф билан дастлаб танишган одамда шунга ўхшаш саволлар пайдо бўлиши мумкин. Аммо, каминада бу саволлар пайдо бўлмади. Чунки, ушбу сатрлар ёзилишидан йигирма бир йил олдин ўтган тажриба бу маънони тушунишга ёрдам берди. Умумжаҳон Исломга чақириш куллиясига янги ўқишга келган пайтим эди. Бирдан қалбга васваса тушиб, бўлмағур фикрлар хаёлга ўралашиб қолди. Дунё кўзимга тор кўриниб, ҳеч нарса татимайди. Бировга айтишнинг иложи ҳам йўқ. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сиқилиш, ташвиш юқори чўққисига етди. Ана шундай оғир дамда кўзим Ҳаким Термизийнинг араб тилидаги «Муридлар одоби» китобига тушди. Муаллифи Термизий бўлгани учун, ўз ватандошимиз экан, деб китоб дўконидан харид қилувдим. Китобни қўлга олдим. Тўғри келган жойини очиб ўқий бошладим. Васваса ҳақида гап борар эди. «Мурид қалбига васваса тушса, яхшилик аломати, деб билсин. Чунки шайтон уни йўқлаб қолибди. Одатда, шайтон обод бўлаётган қалбларни васваса қилишга уринади. Хароба қалб¬лар шундоқ ҳам унинг мулки ҳисобланади, овора бўлиб уларни васваса қилиб ҳам ўтирмайди. Шайтон обод қалбларни хароба қилиш умидида уларга васваса қилади. Уриниб-уриниб, ниятига эриша олмагач, ташлаб кетади», дейилган эди. Қалбимга «ялт» этиб ёруғлик тушди. Хурсанд бўлиб кетдим. Ориз бўлган нарса, васваса эканини тушундим. Унинг нима учун бўлаётганини ҳам англадим. Мана бугун эса, Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васваса ҳақида «У айни иймондир», деб айтган ҳадисларини ҳеч қийинчиликсиз тушуниб турибман. Демак, киши вақтида англаб етиб, Аллоҳ таолодан дарҳол паноҳ сўраса, қалбига тушган васваса унга зарар етказа олмас экан. Бу эса ақийдавий, руҳий-маънавий соғломлик учун ниҳоятда зарурдир.

Топ рейтинг www.uz Openstat