Ассалому алайкум! Мен бир зулм қилиб пушаймон бўлган ва зулм кўриб зулм қилган инсонни кечирмаган инсонни биламан. Эштишимча Аллоҳ кечириши учун зулм қилган инсонни зулм кўрган инсон кечириши керак. Агар бир инсонга кимдир зулм қилсаю қилган зулми сабаб у инсон кечирмаса, зулм қилган инсон тавбаси қабул бўлмайдими? Банда кечириб ундан рози бўлсагина Аллоҳ кечирадими?
– Ва алайкум ассалом! Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридаги девонлар (номаи аъмол) учтадир: Аллоҳ унча эътибор бермайдиган девон, Аллоҳ бирор нарсасини тарк қилмайдиган девон, Аллоҳ мағфират қилмайдиган девон.
Аллоҳ мағфират қилмайдиган девон ширкдир.
Аллоҳ азза ва жалла:
«Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади», деган.
Аллоҳ унча эътибор бермайдиган девон банданинг ўзи билан Робби орасидаги бир кун тарк қилган рўза ёки намоз каби нарсада ўзига зулм қилишидир. Аллоҳ азза ва жалла хоҳласа, уни мағфират қилиб, кечириб юборади.
Аллоҳ бирор нарсаси тарк қилинмайдиган девон эса бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмидир. Бунда қасосдан бошқа илож йўқ».
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Золим бу дунёнинг ўзида қилган гуноҳига тавба қилиб, мазлумнинг розилигини олиши лозим. Агар мазлум уни кечирмаса, қиёмат куни Аллоҳ таоло золимнинг савобларини мазлумга олиб бериш билан рози қилади. Агар савоб амаллари етмаса, мазлумнинг гуноҳлари золимга ағдарилади. Валлоҳу аълам!